Хитойлик 61 ёшли Лян Сян тиришқоқлик билан машқ қилиб, ажойиб натижаларга эришиш орқали машҳур бўлиб кетди, деб ёзади «Културология». Ҳозир ушбу эркакнинг қадди-қоматига ҳар қандай ёш йигит ҳам ҳавас қилади. Бунинг устига, Лян 2016 йилги «Дакар» пойгасида иштирок этмоқчи ва шу тариқа, марафоннинг энг кекса қатнашчисига айланмоқчи.
Лян Сяннинг ўғли ва невараси бор, аммо бундай бува жисмоний тайёргарлик бўйича ҳар қандай 30 ёшли эркакдан устунроқ. Бундай жисмоний формага Лян ҳар куни бир неча соатдан спорт билан шуғулланиш орқали эришган.
Лян Сян узоқ йиллар маҳаллий фабрикада ишлаб, 1991 йилда ўз бизнесини очган. Ишлари ривожланиб кетиб, етарлича пул топа бошлагач, Лян ўз бўш вақтини пойгаларда иштирок этишга сарфлашга киришди. Аммо унинг ёши каттароқ бўлгани учун ёш ҳайдовчилар билан рақобатга кириша олмас эди.
Ўн йил аввал дўстларидан бири унга спорт билан жиддий шуғулланишни бошлашни маслаҳат берди. Шу тариқа, Лян 50 ёшида спорт клубига қатнашни бошлади. Сўнг ўз овқатланиш рационини ўзгартирди: энди Лян кунига етти маҳал овқатланади, гўштдан эса деярли тўлиқ воз кечган.
Лян ўз ўғли билан «Дакар» раллисида 2012 йилда иштирок этган ва айнан ўшанда ушбу марафонга мукаммал жисмоний формага эришгандан сўнг қайтишга қарор қилган эди.
Изоҳ (0)