Осиё Чемпионлар Лигаси «B» гуруҳи 5-турида Тошкентнинг «Бунёдкор» жамоаси эртага, 20 апрель куни ўз майдонида Қатарнинг «Лаҳвия» клубига қарши баҳс олиб боради. Учрашувдан олдин ташкил этилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида «қалдирғочлар» устози Сергей Лушчан ва ҳимоячи Акмал Шораҳмедов иштирок этди.
«Кейинги босқичга ўтиш учун назарий жиҳатдан имкониятимиз бор. Ўз майдонимизда бўлиб ўтадиган ўйинда очиқ ва ҳужумкор ўйин кўрсатамиз. ‘Лаҳвия’ни ўрганиб чиқдик. Уларнинг кучли ва заиф томонларини аниқладик. Рақибнинг ҳимоясида муаммолар бор. Шунга қарамай, ‘Лаҳвия’ ОЧЛ плей-офф босқичига чиқиш учун асосий даъвогар», – деди Сергей Лушчан.
«Бўлажак ўйинда турнир жадвалига қарамасдан, фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Ғалаба қозонсак ўзимизга ишонч ортади ва кейинги ўйинларда ҳам бу бизга куч беради», – деб қўшимча қилди Шораҳмедов.
Шундан сўнг «Бунёдкор» устози журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Таркибда йўқотишлар борми?
- Таркиб борасида муаммолар бор, чунки жароҳатлар доим бўлади. Шунга қарамай, эртанги ўйинга деярли барча футболчилар тайёр.
- Достонбек Ҳамдамовга араб мамлакатлари ва Португалиядан қизиқишлар бор экани ҳақида хабарлар тарқалди. Бунга қандай изоҳ берасиз?
- Мен ҳам сизлар сингари ушбу хабарларни фақат эшитдим. Бу саволлар билан раҳбариятга мурожаат қилиш керак. Нафақат Достонбекка, бошқа футболчиларга ҳам қизиқишлар бор. Аммо мен бу саволларга аниқ жавоб қайтара олмайман.
«Бунёдкор» – «Лаҳвия» учрашуви 20 апрель, чоршанба куни Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади. Учрашув Тошкент вақти билан 19:00 да бошланади.
Эслатиб ўтамиз, Осиё Чемпионлар Лигаси «B» гуруҳи 4-туридан сўнг «Лаҳвия» 5 очко билан иккинчи, «Бунёдкор» 2 очко билан тўртинчи ўринни эгаллаб турибди.
Изоҳ (0)