«Барселона» жамоаси ҳужумчиси Неймар Испания чемпионати 33-турида «Валенсия»га қарши (1:2) ўйин якунига етганидан сўнг, рақиб ҳимоячиси Антонио Барраганга шапати туширди. Бу ҳақда Marca хабар бермоқда.
Мағлубият аламида бўлган бразилиялик футболчи ҳакамнинг ҳуштагидан сўнг ғалабани нишонлаётган Шкордан Мустафи, Даниэль Парехо ва Антонио Барраган ёнига келиб, айнан Барраганга шапати туширди. Жавоб қайтармоқчи бўлган ҳимоячини унинг жамоадошлари ушлаб қолди. Учрашувни бошқариб борган ҳакам Давид Фернандес Борбалан ушбу вазиятни кўрмай қолди.
Шундан сўнг ҳам Неймар тинчимади ва кийиниш хонасига бошловчи туннелда Барраган томон сув тўлдирилган идишни улоқтирди. Идиш ҳеч кимга тегмаган бўлса-да, таранг муҳитни юзага келтирди.
Goal нашрининг хабар қилишича, бразилиялик 24 ёшли ҳужумчи ушбу ҳаракатлари учун дисквалификация қилиниши мумкин.
Қайд этиш керакки, Неймар ва Барраганнинг таранг муносабатлари Испания Кубоги ярим финал дастлабки баҳсида, «Барселона» 7:0 ҳисобида «Валенсия»дан устун келганида вужудга келганди. Ўшанда Неймар испаниялик ҳимоячига ундан 10 баробар кўпроқ даромад олишини айтиб, унинг устидан кулган эди.
Изоҳ (0)