Тошкентда 15 апрель, жума куни бошланган дзюдо кураши бўйича Осиё чемпионатида бевосита иштирок этаётган Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) президенти Мариус Визер ҳамда Осиё дзюдо уюшмаси (JUA) раҳбари Обейд Аль Анзи бошчилигидаги делегация аъзолари бугун, 16 апрель куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф давомида меҳмонлар қўмита ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Қўмита бош котиби Ойбек Касимов билан ўтказилган музокаралар чоғида Мариус Визер ва Обейд Аль Анзи Ўзбекистонда олимпия ҳаракатини ривожлантириш, олимпизм ғояларини кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишларга ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб, бу борада олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга юқори баҳо берди.
«Мен авваллари ҳам бир неча бор Ўзбекистонга келганман ва, эътиборлиси, ҳар сафар ўзим учун янгиликлар кашф этаман, — деди Мариус Визер. — Бу сафарги ташрифим чоғида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияларининг янги барпо этилган қароргоҳларида бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар билан яқиндан танишдим. Шуни алоҳида таъкидлашни хоҳлардимки, юртингизда Олимпия ва Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришг йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни кўриб ҳайратга тушдим. Бу ерда яратилган шароитлар ҳар қанча инсоннинг ҳавасини келтиради».
«Ўзбекистон дзюдо мактаби нафақат Осиёда, балки жаҳонда ҳам етакчилардан ҳисобланади. Юртингизда спорт соҳасини ривожлантиришга давлат раҳбарияти томонидан қаратилаётган алоҳида эътибор, болалар спортини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Яна бир асосий жиҳат — бу юртингизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик. Қаердаки тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, ўша ерда тараққиёт ҳам кўкка бўй чўзиб бораверади. Ўзбекистонга ташрифим чоғида бунга яна бир бора амин бўлдим», — деди Обейд Аль Анзи.
Мариус Визер ва Обейд Аль Анзи бошчилигидаги делегация аъзолари, шунингдек, Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясининг янги биносига ҳам ташриф буюрди.
Изоҳ (0)