«Реал» ҳужумчиси Криштиану Роналду «Вольфсбург»га қарши (3:0) Европа Чемпионлар Лигаси чорак финалининг жавоб ўйинида хет-трик муаллифи бўлиб, мадридликларни мусобақанинг ярим финалига олиб чиқди. Учрашувдан сўнг португалиялик футболчи кейинги босқичда қайси жамоа «Реал» учун энг қулай рақиб бўлиши мумкинлиги ҳақида ўз фикрини билдириб ўтди, деб хабар беради «Чемпионат».
«‘Атлетико’ ёки ‘Барселона’? Бу қийин танлов. ‘Атлетико’ ҳимояда яхши ўйнайди, бу жамоага гол уриш қийин. ‘Барселона’ эса Европадаги энг яхши жамоалардан бири саналади. Ярим финалда Португалиянинг ‘Бенфика’ жамоаси билан тўқнаш келишни хоҳлар эдим», – деди Роналду.
«Футбол қути ичидаги совғага ўхшайди. Биз ‘Барселона’ни ютдик, лекин ЕЧЛ чорак финалининг дастлабки ўйинида ‘Вольфсбург’га мағлуб бўлдик. ‘Манчестер Сити’нинг ЕЧЛ ярим финалига чиқишини ҳеч ким кутмаган эди. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Испания чемпионатида ‘Реал’ пешқадам бўлиб турган ‘Барселона’дан 12 очко ортда бораётган эди, ҳозир эса тафовут 4 очкони ташкил қилмоқда», – деб фикрига якун ясади португалиялик ҳужумчи.
Эслатиб ўтамиз, ЕЧЛ чорак финал дастлабки ўйинида «Реал» Германияда «Вольфсбург» жамоасига 0:2 ҳисобида имкониятни бой берган эди.
Маълумот ўрнида, ЕЧЛ чорак финалининг яна икки ўйини бугун, 13 апрель куни бўлиб ўтади. Мадриднинг «Атлетико» клуби ўз майдонида «Барселона» футболчиларини қабул қилса, Германиянинг «Бавария» клуби сафарда Португалиянинг «Бенфика» жамоаси меҳмони бўлади.
Изоҳ (0)