Мадриднинг «Реал» футбол клуби Европа Чемпионлар Лигаси ярим финалига йўл олганидан сўнг, УЕФА расмий сайти «Вольфсбург»га қарши беллашув қаҳрамони — Криштиану Роналдудан интервью олди.
«Гол уриш қонимда бор», — деди Криштиану Роналду. Бу борада у билан ким баҳслаша олади, дейилади мақолада. «Реал» Чемпионлар Лигасида кетма-кет олтинчи мавсум ярим финалга йўл олди. Роналду эса мана шу олти мавсумнинг ҳар бирида жамоаси учун турли мусобақаларда 45 та ёки ундан кўпроқ гол урмоқда.
«Вольфсбург»га қарши ўйиндаги хет-трик Роналдунинг «Реал»даги 37-хет-триги бўлди — португалиялик футболчи Чемпионлар Лигасининг бир мавсумида 3 та хет-трикка эришган ягона футболчига айланиш имконини берди. УЕФА расмий сайти вакили бу ҳақда Криштиануга маълум қилганида, футболчи унга жавобан: «Чакки эмас, шундай эмасми?», — дея кулиб жавоб қайтарди.
«Мен бахтлиман. Ўйин жуда ажойиб бўлди. Ўйинни кучли бошладик ва умуман охирига қадар уни яхши олиб бордик. Дастлабки дақиқаларданоқ тезликка эътибор қаратдик ҳамда икки тезкор гол киритдик. ‘Вольфсбург’ ҳам яхши кўринди, тўпни ўзида яхши сақлади. Бутун 90 дақиқани олиб қараганда эса биз кучлироқ эдик. Гол уриш учун кўпроқ имкониятга эга бўлдик», — деди Роналду.
«Вольфсбург» дарвозасига урилган учинчи гол Роналду учун Чемпионлар Лигасининг жорий мавсумидаги 16-си бўлди. Футболчи 2013/2014 йилги мавсумда ЕЧЛда 17 та гол уришга муваффақ бўлган. «Реал» ярим финалда яна иккита ўйин ўтказиши инобатга олинса, Криштиану ўз кўрсаткичини яхшилаб олиши мумкин.
«Умуман олганда, мен рекордлар ортидан қувмайман. Шахсий совринлар бутун жамоанинг омадига боғлиқ бўлади. Қарабсанки, 17 тадан кўпроқ гол уриб қўйган бўласан. Мен ҳозир бунга эришиш учун боримни бераман, чунки бу билан нафақат мен, балки жамоам ҳам ютади», — дейди Криштиану.
«Реал» еврокубоклардаги бунгача ҳам қийин вазиятлардан кўп бора чиқиб кета олган, 2 ёки ундан кўпроқ гол фарқи билан мағлуб бўлганидан сўнг, бир неча бор вазиятни ўнглай олган. Айниқса, 1970—80 йиллар давомида клуб бир қатор ёрқин ғалабаларни қўлга киритган. Шунга ўхшаш ҳолат сўнгги бор 14 йил муқаддам «Бавария»га қарши ўйинда кузатилганди — ўша вақтда «Реал» сафида жамоанинг ҳозирги бош мураббийи — Зинедин Зидан тўп сурарди.
Изоҳ (0)