Мадриднинг «Реал» жамоаси бош мураббийи Зинедин Зидан «Барселона»га қарши Испания чемпионати 31-туридаги ўйин олдидан учрашув ҳақида тўхталиб ўтди, деб хабар беради «Чемпионат».
«’Эль-Класико’ – имтиҳон эмас. Сўнгги пайтларда яхши ўйин кўрсатиб, ўз ишимизни давом эттиряпмиз. Бу шунчаки яна битта, аммо муҳим ўйин бўлади. ‘Барселона’га қарши ўйинлар бошқаларидан ажралиб туради. Мухлислар қизиқарли баҳсни кутади, мен эса жамоамнинг сўнгги пайтларда намойиш қилаётган ўйинини кутаман. Омадим келди, чунки бўлажак ўйинни яқиндан кўриш имконига эгаман», – дейди франциялик мутахассис.
«Футболчилар билан биринчи даврада қайд этилган натижа борасида гаплашмадим. Ўшанда нима бўлганини улар билади. Бу сафар ўйин бошқача бўлади. Ушбу ўйинда ғалаба қозонишимиз керак ва биз буни хоҳлаймиз. ‘Сантьяго Бернабеу’да бўлиб ўтган ўйинни кўрдим ва таҳлил қилиб чиқдим, лекин футболчилар билан бу ҳақда гаплашмадим», – дея фикрига якун ясади Зидан.
Эслатиб ўтамиз, биринчи даврада «Барселона» жамоаси «Сантьяго Бернабеу» стадионида «Реал»ни 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратган эди.
Маълумот учун, «Барселона» ва «Реал» ўртасидаги навбатдаги «Эль-Класико» бугун, 2 апрель куни «Камп Ноу» стадионида бўлиб ўтади. Учрашув Тошкент вақти билан 23:30 да бошланади.
Изоҳ (0)