Наманганда кийим-кечак модели ва дизайни асослари бўйича Ўзбекистонда кийим дизайни маркази очилиши кутилмоқда. Бу ҳақда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси «Дарё»га хабар берди.
Марказнинг мақсади аёллар ва ёшларнинг касбий кўникмалари ва қобилиятларини яхшилаш, аҳолининг иш топиш имкониятларини кенгайтириш, тайёр маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги ва сифатини оширишдан иборат.
Марказ классик кийим ишлаб чиқариш бўйича етакчи фабрикалардан бирининг асосида яратилиб, амалий кўникма ва қобилиятларга эга бўлган ва ишлаб чиқаришнинг талабларига жавоб берадиган дизайнерларни тайёрлайди. Шунингдек, «Истиқлол дизайн маркази» замонавий ускуналар билан жиҳозланиб, унда замонавий CAD тизими ёрдамида керакли моделларни яратиш, 3D ўлчамда моделлаш, рақамлаш, турли эскизларни ўз катталигида босиб чиқариш ва дизайнерлар ишини анча енгиллаштирувчи ҳамда маҳсулот сифатини яхшилашга ёрдам берувчи бошқа имкониятлар мавжуд бўлади.
Ўқув марказининг ўқувчилари касб-ҳунар коллежлари, олийгоҳлар битирувчилари орасидан олиниб, ўқув машғулотларини ва ишлаб чиқариш амалиётини хорижда малакасини ошириб келган ўқитувчилар олиб боради. Режага кўра, марказда дизайнер ва модельер касбини йилига 48 нафар мутахассис ўзлаштиради.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Дизайн маркази Савдо-саноат палатаси ва БМТТДнинг «Ўзбекистон бизнес-форуми (3-босқич)» лойиҳаси доирасида ҳамда Sasol компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси тақдим этган молиявий ёрдам эвазига ташкил этилмоқда.
Изоҳ (0)