Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) ва Европа футбол иттифоқи (УЕФА) Греция ҳукуматини жорий мавсумдаги футбол бўйича мамлакат Кубоги баҳсларини якунига етказишга чақирди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Жорий йилнинг 3 март куни Греция спорт ишлари бўйича вазир ўринбосари Ставрос Контонис мамлакат Кубоги доирасидаги ўйинларни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилганди. Бир кун аввал Греция Кубоги ярим финал дастлабки ўйинида ПАОК ва «Олимпиакос» ўртасидаги ўйин якунига етмаган эди. Учрашувни бошқариб борган ҳакам мунозарали вазиятда «Олимпиакос» дарвозасига пенальти белгиламагани учун ПАОК мухлислари майдонга тушиб, пиротехника воситаларини ишлата бошлади ва тартибсизликлар келтириб чиқарди. Ишқибозларни фақатгина полиция ходимлари ёрдамида тинчлантиришга эришилди.
«ФИФА ижроия қўмитаси Греция ҳукуматига ФИФА ва УЕФА томонидан мамлакат Кубоги учрашувларини якунига етказиш ҳақида имзоланган хат юборди. Агар Кубок бўйича қарор икки ҳафта давомида бекор қилинмаса, ФИФАнинг тегишли органлари санкциялар киритиш масаласини кўриб чиқади», – дейилади ФИФА баёнотида.
Греция футбол федерацияси Кубок баҳсларини бекор қилиш «ноконституциявий ва ноқонуний» ҳамда халқаро қоидаларга зид эканини, шунингдек, ушбу қарорлар мустақил равишда мамлакат федерациялари томонидан қабул қилиниши кераклиги ҳақида таъкидлаб ўтди.
Изоҳ (0)