2012 йилнинг 13 январидан 14 январига ўтар кечаси Costa Concordia круиз лайнери Ўртаер денгизида, Италиянинг Жильо оролига яқин ерда ҳалокатга учради. Унинг бортида 4200 киши бор эди. Айримларга бу фожиа роса 100 йил муқаддам, 1912 йилнинг 13 апрелидан 14 апрелига ўтар кечаси ҳалокатга учраган «Титаник» кемасини эслатиб юборди.
Круиз кемаси капитани берган маълумотга кўра, лайнер навигацион харитада акс эттирилмаган қояларга урилган, бунинг оқибатида борти ёрилиб, сув остига ғарқ бўлган. Фожиа оқибатида бир қанча одам нобуд бўлган.
«Замонавий Титаник»да барча йўловчиларга етарли миқдорда қутқарув қайиқлари топилмаган. Бундан ташқари, экипаж аъзолари қайиқларни сувга тўғри тушира олмагани оқибатида улар ҳам сувга тўлиб қолаверган. Айримлар тақдирини ўз қўлига олиб, қирғоққача сузиб боришга қарор қилган.
«Титаник»дан фарқли равишда, Costa Concordia сув остида кўп ётмади. Тез орада 300 метрли лайнерни қирғоққа олиб чиқишга қарор қилинди.
Германиялик сураткаш Жонатан Данко Киелковски денгиздан олиб чиқилган кема қолдиқларидан ноёб фоторепортаж тайёрлади. У туширган суратлар TravelAsk сайтида тақдим этилди.
Лайнер сув остидан чиқарилмоқда.
Costa Concordia’даги барча хоналар хароб аҳволда, гўё кема ўн йиллаб сув остида ётгандай.
Costa Concordia сув остига ғарқ бўлган тарихдаги энг йирик кема ҳисобланади.
6122 завод рақамини олган кема қурилиши Италиянинг Fincantieri кемасозлик корхонаси тарафидан уч йил давомида олиб борилди. 2005 йил 2 сентябрда кема биринчи марта сувга чиқарилди. Анъанага кўра, янги кеманинг «туғилган куни» нишонланганида унинг бортига шампань шишаси уриб синдирилади. Аммо ўша куни шиша синмади, бу эса жуда ёмон белги ҳисобланади.
Лайнер ҳалокатини текширган экспертлар кема нега йўналишдан чекиниб, қирғоққа хавфли масофага яқинлашганини тушуна олмади.
Бу фактни тушунтирар экан, лайнер капитани Франческо Скеттино фожиа куни Жильо оролида яшайдиган собиқ капитан билан саломлашиш учун қирғоққа яқинлашганини тан олди.
Круиз лайнерининг ҳудуди жуда кенг. 15 та палубада 4 та ҳовуз, 1450 та каюта, 5 та ресторан, казино, фитнес маркази ва бошқа нарсалар жойлашган эди.
Фожиа оқибатида етказилган зарарнинг умумий суммаси 1,5 миллиард еврога баҳоланмоқда.
Costa Concordia’ни сув остидан кўтариш учун кема соҳиби бўлган компания камида 600 миллион евро сарфлагани айтилмоқда.
Каюталардан бири.
Вайрон бўлган концерт зали.
Эски ҳашамат излари.
Изоҳ (0)