Европа Иттифоқининг Беларусь ва шахсан мамлакат президенти Александр Лукашенкога қарши айрим санкцияларни бекор қилиш тўғрисидаги қарори 27 февраль, шанба кунидан кучга кирди. Бу ҳақда ЕИнинг расмий журналидаги хабарномага асосланиб, «РБК» ёзмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари кенгаши Беларусь президенти ва 169 амалдорга нисбатан жорий қилинган санкцияларни тўхтатишга қарор қилган эди. Ҳозирча ЕИ давлатларига киришга қўйилган тақиқ ҳамда молиявий чекловлар бекор қилинди.
Бундан ташқари, ЕИ Беларуснинг уч компаниясига нисбатан амал қилиб турган чекловларни тўхтатди, лекин қурол-яроғ етказмаларини тақиқлади, шунингдек, тўрт компания ҳамда одамларни олиб қочишда гумондор тўрт шахсга нисбатан санкцияларни сақлаб қолди.
Инсон ҳуқуқлари мунтазам равишда бузилгани туфайли Беларусга қарши илк санкциялар 1998 йилда жорий қилиниб, уларнинг рўйхати йил сайин тўлдириб борилди. 2008–2011 йилларда санкциялар вақтинчалик тўхтатилган, аммо 2010 йилги президентлик сайловлари билан боғлиқ воқеалар туфайли қайтадан амалга киритилган эди. Ўшанда сайлов натижаларидан кўнгли тўлмаган фуқаролар Минскда охирги йиллардаги энг йирик норозилик акциясини ўтказган, президентликка барча номзодлар ҳибсга олинган, айримлари қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Изоҳ (0)