Футбол бўйича Испания миллий терма жамоаси ва Мадриднинг «Реал» клуби собиқ ҳужумчиси Раул Гонсалес Нью-Йоркда ўзбекистонлик талаба билан селфига тушди. Бу ҳақда Раул билан селфига тушган Шерзод Ғайбуллаевнинг ўзи блогида маълум қилган.
Унинг ёзишича, Манхеттен авенюларидан бирида кетаётганида, ҳамроҳи қарши тарафдан Раул Гонсалес келаётганини кўриб қолган. Шерзод Ғайбуллаев ҳамроҳи билан Раулни тўхтатиб, ундан биргаликда суратга тушишни сўраган.
«Мен расмга олаётганимда, телефоним озгина панд берди. Вақти тиғиз бўлган футбол юлдузини бир дақиқадан ортиқ вақтини олдим. Дўстининг қистовига қарамай, камерамнинг ишлашини кутган, бунинг учун унинг ўзи ҳам телефоним экранидаги тугмани босиб кўрган Раулга нисбатан ҳурматим ортди», — деб ёзади Шерзод Ғайбуллаев.
Испаниялик энг таниқли футболчилардан бири ҳисобланган Раул Гонсалес 2015 йил 16 ноябрь куни профессионал футболчилик фаолиятидаги сўнгги ўйинни ўтказди ва фаолиятини якунлади. У Мадриднинг «Реал» клубидан ташқари, Германиянинг «Шалке-04», Қатарнинг «Ас-Садд» ва АҚШнинг «Нью-Йорк Космос» жамоаларида ҳам тўп сурган.
Изоҳ (0)