Муддатини ўтаб бўлган буюмлар эртами-кечми ахлатга ташланади. Қайта ишлаш жараёнида уларнинг баъзиларига янги ҳаёт «берилади», бироқ аксарият ҳолларда ахлатхонадаги буюмлар шунчаки чирийди ва занглайди, деб ёзади National Geographic.
Қуйидаги фотожамланмада жаҳоннинг энг ғалати, ноодатий ахлатхоналарини (баъзи ўринларда унга бундай таърифни ишлатиб бўлмаганидан, қабристон ҳам дейилади) томоша қилиш мумкин.
Авиатехника қабристони
Эскирган ҳарбий-ҳаво техникасини қаерга йўқотиш керак? АҚШ бу масалани осон ҳал қилган — самолётлар шунчаки чўлга жойлаштирилади. Аниқроғи, Аризона штатида жойлашган Тусон шаҳридаги Дэвис-Монтен авиабазасига.Хизмат муддати якунига етган «нафақа»даги ҳарбий самолётлар учун бу жой тасодифан танланган эмас. Биринчидан, қуруқ иқлим металл коррозиясига йўл бермайди. Иккинчидан, тупроқнинг қаттиқ эканлиги самолётларни асфальтланмаган майдонларга жойлаштириш имконини беради (бунда, албатта, пул тежалади).
6500 гектар майдонда 4400 га яқин самолёт, вертолёт ва фазовий қурилмалар ўрин олган. Сўнгги 25 йил давомида уларнинг тахминан бешдан бири фойдаланиш учун қайтариб олиниб, яна ҳавога кўтарилгани айтилади. Бу ерда сақланаётган авиатехниканинг умумий баҳоси 37 миллиард доллардан ортиқ.
Паровозлар «қабристони»
Боливиянинг табиий осори-атиқаларидан бири — қуриб қолган Уюни кўли яқинида машҳурлик борасида ундан кам бўлмаган Cementerio de Trenes деб номланган макон жойлашган. Паровозларнинг ушбу «қабристони» бир вақтлар Уюни яқинидан ўтган темирйўл магистралининг шонли даврларини ёдга солади.Темирйўл қурилиши 1888 йили бошланган бўлиб, у Анд тоғлари ва Тинч океани портлари ўртасидаги муҳим коридор вазифасини бажарган. Бироқ 1940 йиллардан бошлаб темирйўлнинг аҳамияти пасайди.
Вақт ўтиши билан эски локомотивлар шаҳарда йиғила бошлади ва охир-оқибат паровозлар «қабристони» юзага келди. Бу паровозлар қуёш тиғи ва ёмғир томчилари остида бугунги кунга қадар аста-секинлик билан емирилишда давом этмоқда.
Шиналар ахлатхонаси
Европанинг аксарият мамлакатларида фойдаланиш муддати тугаган шиналарни ахлатга ташлаш тақиқланади. Европа Иттифоқи эски шиналарни қайта ишлашга жўнатади (ҳар йили 480 минг тонна фойдаланилган шиналарга янги ҳаёт «бағишланади»).Бироқ барча давлатлар ҳам бу йўлдан юраётгани йўқ. Масалан, Кувайтда эски шиналар Сулайбия шаҳри яқинида сақланади. Бу ахлатхонага ҳатто қўшни мамлакатлардан ҳам автомобиль шиналарини олиб келинади. Бугун бу ерда 7 миллиондан ортиқ шина бор.
Техночиқиндилар ахлатхонаси
Бугун бирор техникани таъмирлатишдан кўра, янгисини сотиб олиш арзонроққа тушади. Шу сабабли ҳар йили жаҳон бўйича 50 миллион тонна электротехника чиқиндиси юзага келади. Бундай чиқиндини қайта ишлаш қимматга тушади, шу сабабли бир қатор давлатлар «техночиқинди»ни ривожланаётган мамлакатларга жўнатади.БМТ маълумотларига кўра, жаҳондаги жами «техночиқинди»нинг 70 фоизи Хитойнинг Гуандун вилоятидаги Гуйю шаҳридаги чиқиндихонага бориб тушади. Бу ердаги одамлар турли техникаларда фойдаланилган қимматбаҳо металларни излаб топиш билан кун кўради.
Металлни ажратиб олиш учун электроқурилмаларнинг пластик корпуслари эритилади. Ҳар йили бу ерда юзга яқин заҳарли гулханлар ёқилади, шу сабабли чиқиндихонада ишлаётган одамлар ўпка касалликларидан азият чекади. Бундан ташқари, рангли металларни тозалаб олишда ишлатилган кислоталар Лианжан дарёсига тушади.
5. Кемалар «қабристони»
Рас-Нуадибу яриморолида Мавританиянинг катталиги бўйича иккинчи шаҳри — Нуадибу жойлашган. Балиқчилик бизнеси ортидан бу ерда 1960 йилларда катта порт қурилган, бироқ 20 йилдан сўнг бу бизнес «ўлган» — давлат бор эътиборини темир рудаси қазиб олишга қаратган.Оқибатда портдаги кемалар ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Сўнгги 30 йил давомида бу ерда Африка ва Европадан ҳам кераксиз кемалар оқиб келди. Бугун бу ерда 300 дан ортиқ кема занглаб ётибди.
6. Телефон будкалари уюми
Ноттингемшир графлигидаги Нюарк шаҳрига бутун Буюк Британиядан эскирган ва ишдан чиққан таксофонлар олиб келинади. Телекоммуникация соҳасига ихтисослашган X2 Connect компанияси омборхоналарида 150 дан ортиқ эски телефон будкалари бор. Улар орасида 85 йил аввалги таксофон намуналарни ҳам топиш мумкин.Агар будкани таъмирлаш мумкин бўлса, у реставрация қилинади ва қайта сотилади. Хабарларга кўра, Буюк Британиянинг «бир бўлаги»ни сотиб олишга иштиёқмандлар жуда кўп, навбатда 500 га яқин киши турибди. Кимдир бу будка ўз боғида туришини, бошқа биров эса ўз қаҳвахонасига жойлаштиришни хоҳлайди, бундай таксофонларни душхонага айлантирганлар ҳам талайгина.
Қайд этиш жоиз, бу нисбатан қиммат кўнгилхушлик саналади. Масалан, таъмирланган қизил рангли К6 телефон будкасининг нархи 2250 фунт-стерлингдан бошланади. Бу Буюк Британиянинг ажралмас рамзларидан бирига айланган энг оммалашган таксофон моделидир.
Изоҳ (0)