Россиянинг «Илюшин номидаги авиация мажмуаси» компанияси бош директори Сергей Велможкин «Россия 24» телеканалига берган интервьюсида, компания Ўзбекистондаги собиқ Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси (ТАИЧБ) ишланмаларини сотиб олишни режалаштираётганини маълум қилди. Бу ҳақда «12news.uz» хабар бермоқда.
«Ҳозирда авиакомпания ўз вақтида Ил-114 самолётларини ишлаб чиқариш билан шуғулланган собиқ Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси ишланмаларини сотиб олиш бўйича Ўзбекистон билан музокаралар олиб бормоқда», — деди Велможкин.
Унинг маълум қилишича, Нижний Новгороддаги «Сокол» авиазаводида Россия авиакомпанияларига лизинг асосида сотиш учун ҳар йили 18 дона Ил-114 йўловчи самолётларини йиғиш режалаштирилмоқда.
Қайд этиш жоиз, яқин масофаларга йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган саккизта Ил-114 самолётларидан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси муваффақиятли фойдаланмоқда, самолётлар йилига 1,8 минг соат парвоз қилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистон иккита Ил-76 самолёти планерларини Исроилга, мазкур самолётларнинг нисбатан тайёр иккита платформасини эса Россияга сотгани ҳақида хабар берилганди.
Мазкур самолёт корпуслари Таганрог авиация илмий-техник мажмуаси (ТАITМ)да Исроил буюртмаси асосида қайта ишланади ва унга Исроилнинг Falcon антенналари ўрнатилади.
2014 йил кузида Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучлари учун мўлжалланган, ТАITМда тўла йиғилиши кўзда тутилган иккита Ил-76ТД транспорт самолётларининг планерлари Тошкентдан Таганрогга етказилганди.