2014—2015 йил «Соғлом бола йили» Давлат дастурига мувофиқ, Қўрғонтепа «Мурувват» ногирон болалар учун интернат уйида 180 ўринли янги болалар ётоқхонасини қуриш режалаштирилган эди. 2015 йил 10 ноябрь ҳолатига бино қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг ахборот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Бинонинг умумий майдони 2325 квадрат метр, унинг олд томонидан дам олиш ўриндиқлари, замонавий ёритгичлар ўрнатилган ҳамда ободонлаштириш ишлари доирасида арча, мевали дарахтлар ва манзарали гуллар экилган.
Бино икки қаватдан иборат. Унда жами 80 та хона бўлиб, шундан биринчи қаватда 23 та ётоқхона, 16 та ёрдамчи хона, битта сенсорик машғулотлар хонаси, битта гимнастика зали, 4 та санузел хонаси бўлиб, ушбу хоналарда алоҳида ҳожатхона, душ ва ваннахоналар мавжуд. Бундан ташқари, 2-қаватга кўтарилиш учун 3 та зина йўлаклари ва 1 та лифт ўрнатилган. 2-қаватда 23 та ётоқхона, 8 та ёрдамчи хона, 4 та санузел хонаси бўлиб, ушбу хоналарда ҳам алоҳида хожатхона, душ ва ваннахоналар мавжуд.
Ногиронларни йўлакларда юриши учун ҳам алоҳида шароитлар яратилган бўлиб, йўлакнинг ҳар икки тарафига махсус ушлаб юриш учун таянч мосламалари ўрнатилган. Хоналарга аравачалар кириб чиқиш учун мослаштирилган. Ҳар бир бўлимларда алоҳида ёнғин хавфсизлиги бурчаги ташкил қилинган. Бундан ташқари, бинонинг ички қисмига ва ётоқхоналарига ёнғиндан огоҳлантирувчи мосламалар ва видеокузатув тизими ўрнатилган.