Эронда режиссёр Мажид Мажидий томонидан суратга олинган «Пайғамбар Муҳаммад ҳаёти» трилогиясининг дастлабки фильми катта муваффақият билан намойиш этилмоқда. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Фильм директори Муҳаммад Ризо Собирийнинг сўзларига кўра, фильм Теҳрондаги 41 та, шунингдек, мамлакатнинг бошқа шаҳарларидаги йирик 85 та кинотеатрда кўрсатилмоқда. Кинотеатрларда мазкур фильм чипталари учун кун-у тун навбатлар тизилган, намойишлар вақтида залларда бўш ўриндиқларни топиб бўлмаяпти.
Фильм намойиши ҳуқуқига эгалик қилувчи «Нуритобон» кинокомпаниясининг савдолар бўйича менежери Ҳумоюн Хазаифорнинг айтишича, картина прокатнинг дастлабки кунларидаёқ 15 миллиард риал (470 минг доллар) миқдорида даромад келтирган.
Эронликларнинг мазкур фильмга бўлган қизиқиш шу қадар юқорики, шу вақтгача ҳеч қачон кинотеатри бўлмаган чекка шаҳарча ва қишлоқларда ҳам шошилинч равишда кинозаллар ташкил этилмоқда ва замонавий проексион ускуналар билан таъминланмоқда.
«Пайғамбар Муҳаммаднинг ҳаёти» фильмини суратга олиш ишларида кўплаб таниқли эронлик ва хорижлик киноижодкорлар қатнашган. Улар орасида махсус эффектлар бўйича режиссёр Скот Андерсон, италиялик постановкачи режиссёр Витторио Стораро, ҳиндистонлик бастакор А.Р. Раҳмон каби «Оскар» мукофотини қўлга киритганлар ҳам бор.