Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўп қаватли уйларда параболик антенналар ўрнатиш, кондиционерлар ўрнатишни чеклашга қаратилган ҳеч қандай қарор ёки фармойиш қабул қилган эмас. Бу ҳақда ҳокимлик Ахборот хизмати томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳудудий коммунал фойдаланиш бирлашмаси бош директори Илҳом Маҳкамовнинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳар бош кўчаларини реконструкция қилиш, ободонлаштириш, йўл транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, бинолар ва иншоотларнинг меъёрий қиёфасини янгилаш мақсадида, 2015 йилнинг 5 август куни Вазирлар Маҳкамасининг 227-сонли қарори қабул қилинган. Ушбу қарорда 2015—2016 йилларда реконструкция қилинадиган ва таъмирланадиган Тошкент магистраль кўчалари рўйхати тасдиқланган.
«Ҳозирги кунда рўйхатдаги кўчаларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари бошлаб юборилди. Жумладан, Бобур кўчасининг аэропорт майдонидан Ўзбекистон шоҳ кўчасигача; Мустақиллик кўчасидан Амир Темур майдонигача; Амир Темур кўчасининг Амир Темур хиёбонидан Қулоқтепа кўчасигача бўлган қисмида янгича меъморий ўзгаришлар, ободонлаштириш ишлари бошанган, шунингдек, ёритиш тизимини, йўлакларни, фаввораларни, суғориш тизимини кўкаламзорлаштириш ишлари бошлаб юборилган», — дейди Маҳкамов.
Унинг қайд этишича, биноларни ва кўп қаватли яшаш уйларини ҳисобга олишда ва уларни ўрганиш жараёнида 1998 йил 24 декабрда тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг айрим бандлари (2, 5, 16, 21, 24 ва 124-бандлари)нинг бузилиши ҳолатлари аниқланмоқда, бу қонунбузарликлар, ноқонуний қурилмалар ва хонадонлар ичидаги ноқонуний реконструкциялар салбий ҳолатларга олиб келмоқда.
«Яшаш уйларининг фасадлари, асосан, айвонлар (ғиштлар ва бошқа материаллар) билан қопланмоқда, бу эса кўп қаватли уйларнинг қурилиш нормативларига зид бўлиб, уларнинг фасад қисмлари бузилмоқда. Шу билан бирга, қатор компаниялар кабель телевидениеларига улашда ҳам уйларнинг уй йўлаклари қисмида махсус ажратилган жойлар кўзда тутилганига қарамай, томлар устида, уйларнинг фасадларида уланиш симларининг осилиб турганига кўп бор дуч келиш мумкин.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўп қаватли уйларда параболик антенналар ўрнатиш, кондиционерлар ўрнатишни чеклашга қаратилган ҳеч қандай қарор ёки фармойиш қабул қилган эмас», — деди Маҳкамов.
Изоҳ (0)