Наманган вилояти Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази шифокорлари томонидан биринчи марта ноёб операция ўтказилди, деб хабар беради «12news.uz».
Операция муассасанинг қон-томирлар жарроҳлик бўлими бошлиғи, олий тоифали шифокор Раҳимов Бахтиёр Абдуллаевич томонидан ўтказилди. Жорий йилнинг март ойида наманганлик Ҳусниддин чорвага ем тайёрлашда ота-онасига ёрдам бериш учун электр пичанқирққичга хашак солди. Шунда унинг енги агрегат пичоғига илиниб қолиб, электр мослама унинг чап қўлини елкасигача тортиб кетди.
Тез ёрдамда шифохонага етказилган Ҳусниддинда шифокорлар елка суягининг синиши, мускуллар, томирлар ва нервларнинг тўлиқ узилиб кетганлигини қайд этди. Шифокорлар жамоаси зудлик билан узилиб кетган қўлни «тикиш» бўйича операцияга киришди.
6 соат давом этган ушбу ноёб операция муваффақиятли якунланди. Ҳусниддиннинг қўли «жонланиб», у бармоқларини ҳаракатлантира олди. Шунингдек, иссиқ ва совуқни сезмоқда. Янги ўқув йилини у жисман соғлом бошлай олади.
Изоҳ (0)