Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 5 августдаги қарорига биноан, Тошкент шаҳри, Зиёлилар кўчаси, 13-уйда жойлашган қурилиши якунланмаган объект Тошкентдаги Инҳа университети учун ўқув биноси бўлишга яроқсиз деб топилди. Бу ҳақда «Norma.uz» хабар бермоқда.
Шу сабабли объектнинг қийматини қайта баҳолашга қарор қилинди. Объектнинг бозор ва утилизация қийматларидаги фарқ университет томонидан хайрия кўринишида Ўзбекистон Фанлар академиясининг махсус ҳисоб рақамига Фундаментал кутубхонани модернизация қилиш, шунингдек, илмий муассасаларининг илмий ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий илмий ускуналарни олиб келишга ишлатиш учун йўналтирилади.
Қурилиши якунланмаган объектнинг ўзи эса бузилиши кўзда тутилган. Унинг ўрнида университетнинг янги биноси қурилади. Объект бузилиши учун Тошкент шаҳар ҳокимлигига бир ойлик муддат берилган. Объект бузилишининг молиявий манбаси — демонтаждан кейин қолган қурилиш материалларини сотишдан тушган маблағлар, улар етмаган тақдирда таъсисчилар томонидан бино қурилиши ва реконструкцияси учун ажратилган маблағлар.
Изоҳ (0)