Шу кунларда Андижонда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари янги босқичга кўтарилиб, эски шаҳар ҳудудида катта режалар билан бунёдкорлик ишлари бошланган. Вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси мутасаддиси Сарварбек Комилов «Андижоннома» газетаси мухбири билан бўлган суҳбатда бу борадаги тафсилотларни маълум қилди, деб хабар бермоқда «12news.uz».
Жумладан, эски шаҳар ҳудудидаги вилоят адабиёт ва санъат музейлари бирлаштирилиб, ўлкашунослик музейи биноси таъмирланади ва бу ерда «Ёшлар маркази» ташкил этилади. Адабиёт ва санъат музейи жойлашган Жомеъ меъморий мажмуаси реконструкциядан чиқарилиб, унинг олдида чиройли хиёбон барпо этилади ва бу ер «Андижон Регистони»га айлантирилади. Мазкур кўча «Маърифат ва маънавият» номи билан аталади.
Шу ҳудуддаги Олтинкўл кўчаси тор ва ўйдим-чуқур ҳолатга келиб қолганлиги кўпчиликка маълум. Ушбу кўча ҳам кенгайтирилиб, Мустақиллик шоҳкўчаси номи берилади. Кўчанинг икки тарафига 2 ва 3 қаватли тураржой бинолари қурилади. Биноларнинг биринчи қаватига хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари жойлаштирилади.
Оқравот кўчасидаги қурилиши тугалланмаган бино ўрнида 107 та хонадондан иборат кўп қаватли «Камолот» уйи барпо қилинади. Бу манзилнинг «Ёшлар кўчаси» номи билан аташ кўзда тутилган. Бундан ташқари, янги шаҳар ҳудудидаги Бобур майдонида мусиқали фаввора қурилади. Майдон ёнидаги «Темирйўлчилар маданият уйи»да улуғ шоир Бобур Мирзо музейи ташкил этилиб, ягона мажмуа сифатида шакллантирилади.
Изоҳ (0)