Ўзбекистон мустақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан 18 та янги тўқимачилик корхонаси ишга туширилди. Бу ҳақда «Ўзбекенгилсаноат» давлат акциядорлик компанияси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, деб хабар бермоқда UzDaily.
Лойиҳаларнинг умумий қиймати 99 миллион доллар бўлиб, уларни амалга ошириш 1000 та янги иш ўрни яратиш имконини беради. Янги корхоналарнинг йиллик экспорт салоҳияти 43,1 миллион долларни ташкил этади.
2015 йил якунлари бўйича «Ўзбекенгилсаноат» ДАК саноат маҳсулотлари 2014 йилдагидан 20 фоизга ошиб 3,4 триллион сўмга чиқиши, жумладан халқ истеъмоли моллари 25 фоизга ўсиб 1,4 триллион сўмга чиқиши кутилмоқда.
Сўнгги уч йил ичида экспорт салоҳияти 215,8 миллион долларга тенг қиймати 575,3 миллион долларлик 92 та саноат корхоналари ишга туширилган. Соҳада 11,6 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган.
Ҳозирда «Ўзбекенгилсаноат» ДАК тизимида 290 яқин корхона фаолият юритмоқда. Улардан 156 тасида Жанубий Корея, Ҳиндистон, Сингапур, Германия, Швейцария, Италия, Япония, АҚШ ва бошқа давлатларнинг хорижий сармоядорлари иштироки мавжуд.
Изоҳ (0)