27 февраль куни «Туркистон» саройида Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тантанали адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М. Аҳмедов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Ҳ. Ортиқбоева ва бошқалар Ўзбекистонда ижод аҳлига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик адабиёт, санъат, маданият ва маънавиятни, илм-фанни тобора равнақ топтириш, янгича фикр ва дунёқарашга эга бўлган авлодни вояга етказиш, ижодкорларни янгидан-янги марралар сари руҳлантириш имконини бераётганини таъкидлади.
Шоиранинг «Сайланма» китоби чоп этилди. Инглиз ва қорақалпоқ тилларига таржима этилган шеърий тўпламлари китобхонлар учун ўзига хос туҳфа бўлди. «Зулфия замондошлари хотирасида» китобида адабиёцҳунослар, олимлар, ёзувчи ва шоирлар, мунаққидларнинг эл суйган ижодкор ҳақидаги ёрқин хотиралари, қимматли фикрлари келтирилган.
Шоиранинг «Хотирам синиқлари» достони асосида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда спектакл тайёрланди. Зулфия ижодини ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида «Саодат» журнали қошида «Зулфияхоним мактаби» тўгараги ташкил этилиб, шоиранинг ижтимоий фаолияти ҳақида ёшларга батафсил маълумот берилмоқда. Шоира ижоди акс эттирилган махсус веб-сайт ишга туширилди.
Кечада ўзбек киноижодкорлари томонидан Зулфия ҳаёти ва ижодига бағишлаб тасвирга олинган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Tantaнали кечада Ўзбекистон халқ шоири Зулфиянинг келини Риоя Олимжонова юртимизда адабиёт, санъат ва маданият аҳлига кўрсатилаётган юксак эътибор, сўз санъати равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилган ижодкорларнинг адабий меросини ўрганиш, мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш, хотирасини эъзозлаш йўлидаги бетимсол эзгу саъй-ҳаракатлар, меҳр ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирди.
Кечада санъат усталари ва ижрочи ёшларнинг концерт дастури намойиш этилди.
Изоҳ (0)