19 февраль куни баҳор мавсумида умра сафарига борган дастлабки 171 нафар зиёратчи Ўзбекистонга қайтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Bазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита хабар қилди.
Зиёратчиларни Тошкент шаҳар аэропортида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, тегишли вазирликлар ва идоралар ходимлари ҳамда зиёратчиларнинг яқинлари кутиб олдилар.
Муборак сафардан қайтган умрачиларимиздан пойтахтлик Мирзаева Маҳбуба: «Бундай уюшқоқлик билан ташкил этилган зиёрат шахсан ўзимда катта таассурот қолдирди. Ахир биз зиёратчилар фақат ибодат ва дуодан бошқа нарсаларни ўйламадик ҳам. Ҳамма нарса муҳайё, меҳмонхона олдида махсус автобус, уч маҳал иссиқ миллий овқатлар, доимо қайнаб турган чойлар ва ҳоказолар. Буларнинг бари ибодатдан бошқа хеч нарсани ўйламай юриш учун яратилган шароитлар. Буларни кўриб, юртимизнинг янада обод ва гуллайверишини дуо қилдик, ҳаммаси учун фақат миннатдорчилик билдирамиз», деди.
Худди шу сўзларга Абзалов Акбар қўшилиб: «Умрачи ва ҳожиларга катта эътибор бераётган мутасадди ташкилотлар уларнинг тепасида турган ғамҳўр Юртбошимиз, ҳукуматимиз номларига Яратгандан саломатлик, юртимизга эса тинчлик, халқимиз фаровонлигини тилаймиз», деб дуолар қилдилар.
Зиёратдан саломат қайтган фуқароларимизнинг кайфиятлари кўтаринки ёши улуғ умрачиларимизга яратиб берилаётган шароитлар учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда ҳукуматимиз номига ўз миннатдорчиликларини билдириб, Ватанимиз равнақини тилаб дуолар қилмоқдалар, дейилади хабарда.
Изоҳ (0)