2014 йилда Ўзбекистон Республикаси божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда 227 та божхона қоидабузларликлари фош қилиниб, қиймати 628 миллион сўмдан ортиқ бўлган 213,6 минг қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Жумладан, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан республика ҳудудидан транзит тарзида ўтаётган «Душанбе-Москва» йўловчи поезди ресторани божхона кўригидан ўтказилганда, қўшни давлат фуқаросига тегишли 2 турдаги 110 қути тамаки маҳсулотлари вагон ойналари орасига яширилганлиги аниқланди.
«Олот» чегара божхона комплекси орқали ўз юртига қайтаётган туркманистонлик аёлнинг эса 2 турдаги 130 қути тамаки маҳсулотларини божхона кўригидан яширинча олиб чиқишга бўлган уриниши наф бермади.
Пойтахтнинг «Келес» темир йўл чегара божхона пости ходимлари эса Москвадан кириб келган поезд йўловчиси томонидан 2 турдаги 400 қути тамаки маҳсулотларининг яширинча олиб кирилишига чек қўйди.
Тошкент халқаро аэропортида эса Истанбулга парвози олдидан андижонлик аёлнинг йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, 370 қути тамаки маҳсулотларини қўл юклари орасига яширганча олиб чиқишга урингани фош қилинди.
«Дубай-Тошкент» рейси бўйича парвозини якунлаган фуқаро ҳам 390 қути тамаки маҳсулотларини йўловчи божхона декларациясида ва оғзаки сўровлар пайтида маълум қилишни «унутиб» қўйганини айтди.
Шунингдек, аэропорт божхоначилари Шаржадан қайтган пойтахтлик аёлга тегишли багажни божхона кўригидан ўтказаётиб, юклар орасига 540 қути тамаки маҳсулотлари яширилганлигини ҳам фош қилди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)