Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси фуқаролари – 1941−1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини «Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисидаги ПФ-4704-сонли Фармонини имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.
Фармонда айтилишича, 2015 йил 9 майда умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 70 йиллиги байрам қилиниши муносабати билан фашизм устидан қозонилган Ғалабага бебаҳо ҳисса қўшган Ўзбекистон фуқаролари – 1941−1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини муносиб равишда ва иззат-икром билан шарафлаш мақсадида 1941−1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 70 йиллиги шарафига «Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медали таъсис этилсин.
«Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медали билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари – «1941−1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушида Германия устидан қозонилган ғалаба учун» ва «Япония устидан қозонилган ғалаба учун» медаллари билан, уруш йилларида жанговар хизматлари учун олинган бошқа орден ва медаллар билан мукофотланган ёки уруш қатнашчиси гувоҳномасига ёхуд Ватан уруши ногирони гувоҳномаларига эга бўлган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари, шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши йилларида фидокорона меҳнати учун мукофотланган, шу жумладан, «1941−1945 йиллар Улуғ Ватан урушидаги шавкатли меҳнати учун», «Меҳнатдаги жасорати учун», «Меҳнатда ўрнак кўрсатганлиги учун» медалларига ёки 1941−1945 йиллардаги уруш даврида қуролли кучларда фуқаро шахсларни эркин ёллаш бўйича штат лавозимида бўлганлик тўғрисидаги гувоҳномага эга бўлган меҳнат фронти қатнашчилари мукофотланиши белгилаб қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизматига Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси билан биргаликда икки ҳафта муддатда «Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медали билан мукофотланиши лозим бўлган 1941-1945 йиллардаги уруш фахрийлари ва ногиронларининг, меҳнат фронти қатнашчиларининг аниқ рўйхатини тузиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиши топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Марказий банк ва «Давлат белгиси» давлат-ишлаб чиқариш бирлашмаси билан биргаликда бир ой муддатда «Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медаллари ва уларнинг гувоҳномалари бланклари белгиланган тартибда тайёрланишини таъминлаш; 2015 йилнинг 1 мартига қадар Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 70 йиллиги мамлакатимизда кенг байрам қилинишига бағишланган тадбирлар дастурини ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши, унда 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини «Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медаллари билан тантанали ва байрамона вазиятда мукофотлаш чора-тадбирлари кўзда тутилиши топширилди.
Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юкланди.
Фармонга 1-иловада айтилишича, «Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медалини топшириш Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан – Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, Миллий хавфсизлик хизмати раиси, ички ишлар вазири, Давлат божхона қўмитаси раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманларнинг ҳокимлари томонидан маҳаллий ҳарбий бошқарма органларининг, уруш ва меҳнат фахрийлари кенгашларининг иштирокида тантанали вазиятда амалга оширилади.
Мукофотланганларга эсдалик юбилей медали билан бирга белгиланган шаклдаги гувоҳнома топширилади. «Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медали кўкракнинг чап томонига тақилади.
Фармонга 2-иловада «Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медалининг тавсифи берилган.
Унга кўра, «Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медали 0,25 микронгача қалинликдаги олтин қопланган мис қотишмасидан тайёрланади ва диаметри 32 миллиметрли доира шаклида бўлади.
Эсдалик юбилей медалининг ўнг томонида таралаётган қуёш нурлари фонида «Хотира майдони» ёдгорлик комплексидаги Мангу олов ёнида «Мотамсаро она» монументи тасвирланган. Монументнинг чап ва ўнг томонларида 1945 ва 2015 рақамлари ёзилган бўлиб, улар Иккинчи жаҳон уруши тугаган йил ва юбилей йилини англатади.
Эсдалик юбилей медалининг орқа томонида «Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги» сўзлари ёзилган. Ёзув дафна чамбари билан ўралган бўлиб, унинг новдалари пастда саккиз қиррали юлдуз билан туташган.
Тасвирлар ва ёзувлар қабариқдир.
Эсдалик юбилей медалининг қирралари доира билан ҳошияланган.
Эсдалик юбилей медали халқачалар ёрдамида беш бурчакли колодка билан туташтирилади, унинг устки қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи рангларидаги эни 24 миллиметрли шойи лента билан ўралган. Кўк, оқ ва яшил полосаларнинг эни 7 миллиметрдан, қизил полосаларнинг эни эса 1,5 миллиметрдан. Колодканинг баландлиги 48 миллиметр, эни 45 миллиметр. Тўғноғич ёрдамида қадалади.
Изоҳ (0)