Ўзбекистонда солиқ тўловчиларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар соҳасини кенгайтириш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси томонидан «Ягона солиқ тўловини тўлаш муддатини узайтириш юзасидан аризаларни қабул қилиш ва қарор чиқариш» интерактив хизмати ишлаб чиқилиб, 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб амалиётга жорий этилди, деб хабар беради Давлат солиқ қўмитаси бўлим бошлиғи Н.Жаббаров.
Мазкур интерактив хизмат орқали янги ташкил этилган микрофирма ва кичик корхоналарига ягона солиқ тўловини тўлаш муддатини узайтириш юзасидан аризани электрон шаклда тўлдириб, солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги туман (шаҳар) давлат солиқ инспексиясига юбориш ва туман (шаҳар) давлат солиқ инспексияси томонидан қабул қилинган қарорни электрон кўринишда олиш имконини яратади.
Интерактив хизмат Давлат солиқ қўмитасининг расмий «Soliq.uz» сайти орқали «Солиқ тўловчи юридик шахсларнинг шахсий кабинети»да амалга оширилади. Бу ердан ягона солиқ тўловини тўлаш муддатини узайтириш юзасидан аризаларни юбориш учун янги ташкил этилган микрофирма ва кичик корхона электрон рақамли имзога эга бўлиш лозим.
Ушбу интерактив хизматнинг афзаллиги шундаки, фойдаланувчиларга куннинг исталган вақтида доимий равишда давлат солиқ хизмати органига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имконини беради, уларнинг вақт ва маблағини тежайди ҳамда давлат солиқ хизмати органлари билан ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини оширади.
Изоҳ (0)