Буюк Британия парламентининг қуйи палатаси уч ота-онадан − икки аёл ва бир эркакдан ирсий муҳандислик услуби орқали фарзанд олиш имкониятини маъқуллади, деб хабар бермоқда «Корреспондент.net».
Парламент аъзоларига очиқ овоз бериш имкони тақдим этилди, яъни улар партияларидан келиб чиқиб эмас, балки шахсий фикрларига таяниб овоз берди. Шу тариқа, 382 нафар депутат лойиҳани маъқуллади, 128 нафари эса қарши овоз берди. Яқин икки ҳафта ичида қонун лойиҳаси Лордлар палатаси тасдиғидан ҳам ўтиши керак. Буюк Британия ушбу жараён рухсат этилган дунёдаги илк мамлакат бўлиши мумкин.
Ушбу услуб туғилажак болаларда ирсий заифликларнинг олдини олиши айтилмоқда. Болада ўз ота-онаси ва бир соғлом аёлнинг ҳужайралари жамланади, бегона аёлнинг ҳиссаси фақатгина 0,1 фоизни ташкил этади. Ушбу ҳужайра ёрдамида эмбриондаги заифлик ёки уруғ ҳужайрасидаги камчилик бартараф этилиб, боланинг соғлом ривожланишига имкон яратилиши кўзда тутилмоқда. Бегона ҳужайра на ташқи кўринишга, на характерга умуман таъсир қилмаслиги айтилган. Тадқиқотчилар танқидчиларнинг қаршилигини ошириб юборилган деб баҳоламоқда.
Изоҳ (0)