Халқ таълими вазирлигининг 2014 йилги фаолияти якунларини сарҳисоб этиш ва 2015 йили тизимда амалга ошириладиган муҳим вазифаларга бағишланган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг ахборот хизмати.
Мажлисни Халқ таълими вазири, ҳайъат раиси Улуғбек Иноятов олиб борди.
Ҳайъат раиси ҳисобот даврида таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан бажарилган ишлар, қўлга киритилган ютуқлар, умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларида ўқувчи-ёшларни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида ахборот берди.
Жумладан, Инвестиция дастурига мувофиқ, йил давомида 380 та умумтаълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, зарур ўқув-лаборатория анжомлари, замонавий ахборот-коммуникасия технологиялари билан таъминланди.
Қайд этилганидек, дарслар илғор педагогик ва ахборот технологиялари асосида ўтилишини таъминлаш мақсадида «Соғлом бола йили» Давлат дастури доирасида 1-синф ўқитувчилари учун 410 минг нусхада етти номдаги методик қўлланма ва 49 300 дискда уларнинг мултимедиали иловалари тайёрланиб, таълим муассасаларига тўлиқ етказилди.
Анжуман сўнгида тизимдаги муҳим масалалар юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифалар белгилаб олинди.
Изоҳ (0)