Истеъдодли ижодкор Муниса Ризаева анча оғир-босиқ бўлиб қолганининг сабаби ҳаёт эканлигини қайд этди. Бу ҳақда «Даракчи» газетаси хабар бермоқда.
«Шоу-бизнес мени қайта тарбиялади, — дея гап бошлади Муниса. — Кечагина дадам билан шу ҳақда гаплашгандик. ‘Дада, шоу-бизнесга киришимга, санъаткор бўлишимга ойим иккингиз доим қарши бўлгансиз. Биласизми, оиладаги тарбия, каттани ҳурмат қилиш, кичикка иззатда бўлиш каби анъанавий тарбия ўз йўлига, лекин ҳаётий тарбияни менга шоу-бизнес берди’, дедим.
Мен бу билан ота-онам мени тарбия қилмади, демоқчимасман, аксинча, оиламизда ҳақиқий ўзбекона тарбия муҳитида катта бўлганман. Шоу-бизнесга киргач, одамларни фарқлашни, оқ билан қорани ажратишни ўргандим».
Хонанда борган сари шоу-бизнес оламида ҳақиқий дўстлик йўқ эканлигига имони комил бўлиб бораётганини айтди: «Энди мен ҳам бошқалар қатори ҳамма билан кулиб кўришиб, кулиб хайрлашиб, маълум чегарани сақлаган ҳолда муносабатда бўлишни ўргандим».
Муниса ўзининг бошқаларга дўст бўла олиши борасида ҳам тўхталиб ўтди: «Араб тилида Муниса ‘вафодор дўст’ деган маънони англатаркан. Чақалоқ туғилиб, унинг қулоғига азон билан исми айтилганда, тақдири исмига мос тарзда ёзиларкан. Мен дўст бўлсам, ўша одамга боримни беришга ҳаракат қиламан.
Райҳон билан муносабатларимиз бузилганида ҳам одамлар ‘Муниса айбдор, Райҳонга содиқ дўст бўлмади’, деди. Мен эса кутдим, сабр қилдим. Мана, вақт ўтиб, у ҳаммасини тушуниб етди-ку. Ким дўст, ким душманлигини билди».
«Менда шундай одат бор: қачонки бирор одам билан қадрдон бўлдимми ёки бир дастурхон атрофида туз тотиб, у билан суҳбатлашдимми ўша гапирилган гап айтилган жойда қолади», — дея ижодкор фикрига якун ясади.
Изоҳ (0)