Айрим тадбиркорларнинг ноқонуний даромад орттиришни мақсад қилиб, жиноят кўчасига кириб қолаётганликлари ачинарли ҳол, деб ёзади «Ҳуқуқ» газетаси.
Тошкентдаги «Нотўқима текс» МЧЖ раҳбари ўз бошқарувидаги МЧЖга хомашё олиш учун ўтган йилнинг март ойида «Тошкент тола» МЧЖдан 52 тоннадан ортиқ пахта толаси харид қилиб, уни «Стандарттекс» МЧЖга қайта ишлаб, ип йигириш учун олиб боради. Албатта, ушбу жараёнда унинг саъй-ҳаракатлари хайрли эди. Чунки, «Стандарттекс» МЧЖ пахта толасини ип қилиб бериши, у эса буларни ўзининг корхонасида ишлаб чиқаришга сарфлаш учун олиб кетиши керак эди.
Бироқ, ушбу ҳаракатларни бир қўнғироқ умуман салбий томонга ўзгартириб юборди. Яъни қўнғироқ эгаси «Нотўқима текс» МЧЖ раҳбарига 10 тонна калава ип кераклигини айтиб, пули ҳам нақд эканлигини қистириб ўтади. Ўзаро келишувга кўра, 10 тонна калава ип 21 минг 500 долларга баҳоланади.
Пулнинг дарагини эшитгач, у дарҳол «Стандарттекс» МЧЖ билан боғланиб, тайёр бўлган 10 тонна калава ипни олиб кетишини айтади. Келишилган кун у маҳсулотни машинага юклаб, ўша қўнғироқ эгасини кутади. Харидор ҳам зудлик билан айтилган жойга етиб келиб, пулни топшираётган вақтда СВОЖЖДЛҚК департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан ушланди. Шу тариқа ноқонуний савдога чек қўйилди.
Суд ҳукми билан «Нотўқима текс» МЧЖ раҳбари бир йил муддатга раҳбарлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз баравари миқдорида жарима тўлайдиган бўлди.
Изоҳ (0)