Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Комил Фаткуллин соврини учун ташкил этилган III халқаро турнир юқори савияда ўтди, деб хабар беради «Olamsport.com».
Мусобақани уюштиришда Республика олимпия захиралари коллежи ҳамда спорт курашлари федерацияси билан биргаликда Аҳмаджон Алимов, Суннатилло Йўлдошев сингари спорт фидойилари ҳақиқий жонбозлик кўрсатди.
Умуман олганда, турнир ташкилотчилари кўзлаган мақсадларига эришди, яъни Республиканинг барча ҳудудларидан, шунингдек, қўшни Қозоғистон ва Тожикистон давлатларидан келган спортчи ва мураббийларга ажойиб спорт байрами тақдим этилди.
Гиламдаги спортчилар ҳаракатини, асосан, халқаро тоифадаги ҳакамлардан иборат мутахассислар гуруҳи назорат қилиб боргани барча учрашувларнинг ҳаққоний якун топишини таъминлади.
Шу тариқа 10 та вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Шоҳсупага кўтарилган ёш полвонларнинг барчасига диплом ва медаллардан ташқари, эсдалик совғалари ҳамда пул мукофотлари топширилди. Шунингдек, мусобақанинг энг яхши ҳаками сифатида Тожикистонда хизмат кўрсатган мураббий, ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Олим Алланазаров эътироф этилди.
Ўнта вазндан тенг ярми, яъни 5 та вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган Республика олимпия захиралари коллежи жамоаси энг кучли жамоа деб эълон қилинди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий, мамлакат ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Олим Қурбоновнинг шогирдлари бутун мусобақа давомида яққол устунликка эга бўлди.
Изоҳ (0)