Жанубий Кореянинг германиялик бош мураббийи Ули Штилике пивога муҳаббат қўйган аксарият немислардан фарқли равишда винони хуш кўради. У ҳар сафар овқатлангач 1−2 қадаҳ вино ичиб туради. 3-турда Австралия устидан қозонилган ғалаба шарафига у кичик вино базмини уюштирди, деб хабар бермоқда «Stadion.uz».
Корейс ОАВларига бу ҳақда изоҳ бераркан Ули Штилике шундай деди: «Катта мусобақалар давомида ичкиликка ружу қўймайман. Лекин 31 январь куни турнир Кубогини қўлимизда тутиб шампанхўрлик қилишга йўқ демасдим».
Маҳаллий Sports Choson газетасининг ёзишича, Жанубий Корея терма жамоаси 1994 йилги Осиё ўйинларидан буён ўтган 21 йил давомида Ўзбекистонга мағлуб бўлмаган ва корейслар бу анъанани давом эттириш ниятидалар. Кеча машғулотлар якунига етгач, Ули Штилике корейс журналистларига берган қисқа интервьюсида Ўзбекистон билан ўйинда иложи борича кўпроқ тўпни назорат қилишга эътибор қаратишларини айтди.
«Биз Уммон ва Қувайтга қарши ўйинларда тўп назоратига кўпроқ аҳамият бердик. Менимча, Ўзбекистон билан ўйинда ҳам шундай қилсак керак», − деди бош мураббий.
Sports Choson келтирган статистикага кўра, Жанубий Корея Уммон билан ўйинда 67,1 %, Қувайтга қарши баҳсда эса 50,8 % тўпга эгалик қилган. Австралия билан ўйинда эса корейслар энг паст даражада − 32,9 % тўпга эгалик қилишган ҳолда ғалаба қозонишган. Жанубий Кореянинг бошқа бир футбол нашри Daylian Ўзбекистон терма жамоаси билан чорак финалда баҳс олиб боришларига «21 йил давомида бизга мағлуб Ўзбекистонга тушдик. ХАЙРИЯТ», деган бироз нокамтарона сарлавҳа остида мақола эълон қиларкан, мақола давомида барибир ўзбеклардан эҳтиёт бўлишни урғулаб ўтади:
«Тарихдаги муваффақиятлар келажакдаги ютуқларга кафолат бўлолмайди. Ўзбекистон асосий ўйинчиларига дам берган ҳолда Саудия Арабистонини мағлуб этганлигини унутмаслик лозим. Бунинг устига Ли Чунг Ёнг (‘Болтон’, Англия) ва Ку Жа Чол (‘Майнс-05’, Германия) каби асосий футболчиларимиз жароҳатлари сабаб чорак финалда бизга ёрдам бера олишмайди».
Эслатиб ўтамиз, шу пайтгача Ўзбекистон ва Жанубий Корея терма жамоалари 11 марта тўқнаш келишган бўлиб, шундан 8 тасида корейслар ғалаба қозонишган. 2 та ўйин дуранг билан якунланган бўлса, 1994 йили Хиросимада ўтган Осиё Ўйинларидаги ғалабамиз ҳозирча ягона бўлиб турибди. Ҳа, ҳозирча!
Изоҳ (0)