Ўзбекистон 2015 йилнинг биринчи ҳафтасида Афғонистон билан чегарани мустаҳкамлаш бўйича қатор чораларни кўрди. Бу ҳақда, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегарасини қўриқлаш бўйича қўмитасидаги манбага асосланиб «РИА Новости» маълум қилди, деб хабар бермоқда «Kun.uz».
Ушбу чоралар чегарага яқин ҳудудлардаги қуролланган гуруҳлар ва наркотрафикнинг фаоллашуви билан боғлиқ. «Тезкор маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, Афғонистон ҳукуматига бўйсунмайдиган қуролланган гуруҳларнинг фаоллиги ошган», – дейди агентлик суҳбатдоши.
МХХ Давлат чегараларини қўриқлаш бўйича қўмитаси вакилининг маълум қилишича, Ўзбекистонга қўшни мамлакатларда вазият ўзгараётган вақтлар учун махсус ҳаракат режаси ишлаб чиқилган бўлиб, бу давлат чегарасини одатдаги тартибда, қўшимча куч жалб қилмасдан қўриқлаш имконини беради.
«Ушбу чоралар, биринчи галда, разведка, ахборот тўплашнинг қўшимча махсус воситаларидан фойдаланган ҳолда техник ҳаракатларни кучайтиришни назарда тутади», – деди манба.
Afghanistan analysts network мустақил нотижорат ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг Афғонистон билан 137 километрга чўзилган чегараси собиқ СССР республикаларининг Афғонистон билан чегаралари орасида энг мустаҳкамидир.
Таҳлилчиларнинг фикрича, одамларнинг Афғонистондан Ўзбекистонга ноқонуний ўтиши олдини олиш мақсадида чегарадаги яхши қуролланган ва техника билан таъминланган назорат-ўтказиш пунктларидан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати Амударёнинг ўзига тегишли томонида соҳил қўриқлаш хизмати кемаларига ҳам эга.
Изоҳ (0)