Малдив республикасининг энг йирик шаҳри ва пойтахти — Мале шаҳри ҳисобланади. Бу орол-шаҳар бўлиб, Ҳинд океани ҳавзасида жойлашган. Мале дунёдаги энг чиройли шаҳарлардан бири бўлиб, у ерга ҳар йили миллионлаб сайёҳлар ташриф буюради.
Малдив давлати пойтахтининг номи аслида санскрит тилидаги «Маҳаалай» сўзидан олинган бўлиб, у — «катта (ёки «буюк») уй» деган маънони англатади.
Мале орол-шаҳрининг умумий узунлиги атиги 2 километр ва кенглиги 1 километрни ташкил этади. Шаҳарда энг замонавий бинолар, меҳмонхона ва ресторанлар билан бирга, қадимий масжид ва обидалар ҳам кўп.
Шаҳар аҳолиси 100 000 дан ортиқ кишини ташкил қилиб, улар асосан хизмат кўрсатиш, савдо ва тадбиркорлик фаолияти билан банд. Маледа жуда кўплаб майда магазинлар бўлиб, улар шаҳар аҳолиси ва сайёҳларга туну-кун хизмат кўрсатадилар.
Шаҳар табиати ўзига ҳос бўлиб, эрталаб жазирама иссиқ бўлса, тушга бориб шаррос ёмғир ёғши мумкин.
Мамлакатда молия-банк тизими жуда ривожланган. Жумладан, Мале шаҳрида The Bank of Maldives, HSBC банк, State Bank of India, Bank of Ceylon ва Habib Bank сингари йирик молия муассасаларининг ваколатхоналари мавжуд.
Мале шаҳрининг ғаройиботларидан яна бири бу — денгиз тубидаги ресторан ҳисобланади.
Умуман олганда Мале шаҳрини дунё уммони ўртасида жойлашган жавоҳирга қиёслашимиз мумкин.
Мақолани тайёрлашда Bigpicture.ru сайти маълумотларидан фойдаланилди.
Изоҳ (0)