7 ёшли америкалик Хамилтон Грин исмли бола iPhone смартфонининг 5S’дан бошлаб янги моделларида ишлатиладиган биометрик таништирув тизимини бузиб ўтди, деб хабар бермоқда «Российская газета».
CNN Money берган хабарга кўра, Хамилтоннинг отаси − ахборот технологиялари бўйича мутахассис Мэтью Грин iPhone 6 Plus смартфонига эга бўлиб, ушбу моделда ҳам фақат аппарат эгасининг бармоғи теккандагина экранни очадиган Touch ID тизими мавжуд.
Смартфондаги севимли ўйинларини ўйнаш мақсадида Хамилтон ўз «операцияси»ни тонгда, отаси ухлаётганда амалга оширишга қарор қилади. Ота-онасининг ётоқхонасига кирган бола отасининг бош бармоғини Touch ID сенсор тугмасига олиб бориб, экранни блокдан чиқаришга муваффақ бўлди.
Смартфонига Minecraft ва Angry Birds Transformers сингари ўйинларни ўрнатган Мэтью уйғонгач, ўғлини қилган иши учун койимаган. Жон Хопкинс университетида криптография ва ахборот хавфсизлигидан дарс берувчи Грин ушбу воқеага изоҳ бераркан, Apple томонидан ишлатилаётган ҳимоя тизими мустаҳкам эмаслигига амин эканлигини маълум қилган.
Қайд этилишича, бунга бошқа далиллар ҳам мавжуд. Масалан, АҚШ суди қотиллик жинояти кўриб чиқилиши вақтида полиция смартфонни бармоғ изи ёрдамида блокдан чиқаришига рухсат берган эди. Шу сабабли ҳам Touch ID ўрнига оддий паролдан фойдаланиш тавсия этилган.
Изоҳ (0)