Хоразм вилоятидаги ташувчи корхоналар Isuzu автобуслари ҳисобига автотранспорт паркларини янгиламоқда, деб хабар берди Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Ахборот хизмати.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 6 декабрдаги 1874-сонли қарори ижроси доирасида, шунингдек Хоразм вилоятида йўловчи ташиш фаолиятини ривожлантириш ҳамда арзон, сифатли ва хавфсиз хизматлар кўрсатишни ташкил этишга доир дастурларга мувофиқ, ташувчи корхоналарининг автотранспорт паркини янгилаш чора-тадбирлари изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Жумладан, яқинда Урганч туманидаги «Сирли водий» МЧЖ Халқ банки маҳаллий филиалининг 320 млн сўмлик кредити ҳисобидан Самарқанд шаҳрида ишлаб чиқарилган Isuzu русумли автобуслардан 4 та харид қилди. Ҳозирда автобусларни лицензия варақалари билан таъминлаш учун ҳужжатлар тайёрланмоқда.
Айни пайтда Урганч шаҳридаги «Опелтранс» МЧЖ ҳам 15 та Isuzu автобусларини харид қилишга ҳозирлик кўрмоқда. Янги автотранспорт воситаларини 2015 йил январь ойи давомида олиб келиш режалаштирилган.
Таъкидлаш жоизки, ўтган бир неча ой мобайнида «Бунёдйўловчиташиш» МЧЖ томонидан 20 та «Isuzu» автобуслари лизинг шартномаси асосида сотиб олиниб, Урганч шаҳрида аҳолига хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган эди.
Бугунги кунда Урганч шаҳрида 13 та шаҳар ичи автобус йўналишлари ишлаб турибди. «Бунёдйўловчиташиш» МЧЖ, «Хоразм Довуд сервис транс» ДУК ҳамда «Опелтранс» МЧЖга бириктирилган ушбу йўналишларда 119 та автобус жадвал асосида мунтазам қатнайди.
Иккита шаҳар ичи микроавтобус йўналишида эса «Ҳамроҳ» МЧЖ 20 та «Газель» микроавтобуслари билан хизмат кўрсатмоқда.
2014 йил 5 ноябрь ҳолатига кўра, вилоятда махсус сериядаги давлат рақам белгилари ва лицензиялар билан таъминланган 1340 та йўналишсиз такси машиналари мавжуд.
Изоҳ (0)