Ўзбекистонда EVO савдо белгиси остида фаолият юритаётган «Super iMax» МЧЖ компанияси 4G LTE TDD тўртинчи авлод тармоғини ишга туширишини маълум қилди.
Жанубий Кореяда LTE технологиялари бозорида етакчилардан саналган KT Corporation компанияси лойиҳада инвестор сифатида иштирок этмоқда. KT Corporation мазкур лойиҳани амалга оширишга 10 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритишни режалаштирмоқда.
Компания вакилларининг таъкидлашича, KT Corporation 2008 йилдан буён Ўзбекистон ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига, жумладан, Super iMax МЧЖ бизнесини ривожлантиришга инвестиция киритиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида компания томонидан киритилган жами сармоялар миқдори 21 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.
EVO мутахассисларининг қайд этишича, 4G LTE TDD технологияси воситасидаги интернет хизматларидан 2015 йилда Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Фарғона водийсининг йирик шаҳарларидаги мижозлар фойдаланиши мумкин бўлади. Шунингдек, 2016 йилда республиканинг бошқа ҳудудларини қамраб олиш режалаштирилмоқда. Айни пайтда 4G LTE Ўзбекистонда интернет бозорининг ривожлантиришини янада жадаллаштирувчи омил ҳисобланади.
EVO 4G LTE TDD тармоқларида маълумот узатиш тезлиги Ўзбекистонда фаолият юритаётган бошқа провайдерларнинг бу борадаги кўрсаткичларидан анча юқори бўлади. Бу фойдаланувчиларга интернетда катта ҳажмдаги маълумотлар билан тез ва самарали ишлаш, видео кўриш ва юклаб олиш, онлайн ўйинларни ўйнаш, мусиқа тинглаш ва юқори сифатли фотосуратларни юклаб олиш, шунингдек, бизнес ва таълим мақсадларида онлайн иловалардан фойдаланишда қўшимча имкониятлар яратади. 4G LTE TDD технологияси қуйлайлик нуқтаи назаридан мамлакатимиз фойдаланувчиларига интернетда ишлаш имкониятларини кенгайтиришга замин яратади.
Энг муҳими, EVO’нинг 4G LTE TDD тармоғи янги, аввал кириб борилмаган ҳудудларни қамраб олади ва интернетдан юқори тезликда фойдаланишни таъминлайди, бу эса ўз ўрнида мамлакатимиз ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини ривожлантиришнинг янги воситаси бўлиб хизмат қилади. 4G LTE TDD технологиясининг кириб келиши юртимиз ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини ривожлантириш учун янги имкониятларни яратади.
Реклама ҳуқуқи асосида
Изоҳ (0)