Nokia компанияси бугун, 18 ноябрь куни N1 деб номланган, Android операцион тизимида ишлайдиган планшетини тақдим этди. Бу ҳақда The Verge маълумотига асосланиб «Пароль» нашри хабар берди.
Компаниянинг мобил қурилмалар ишлаб чиқариш саноати бундан етти ой олдин Microsoft томонидан 7,2 миллиард долларга сотиб олинган эди. Эндиликда эса Nokia’нинг ўзи мустақил равишда N1 номли планшетларини ишлаб чиқармоқда.
Nokia N1 планшети Apple компаниясининг iPad mini’си билан бир хил, фақат у iOS эмас, Android операцион тизимида ишлайди. Ушбу ўхшашликни алюмин корпус, 7,9 дюйм 2058×1536 пикселли дисплей, камера, қулоқчин, тугмалар ўрнида ҳам учратиш мумкин.
Ҳатто Nokia N1 планшети Apple маҳсулотларида ишлатиладиган икки томонидан ҳам фойдаланиш мумкин бўлган USB-кабелга эга. Бу билан эса Nokia N1 бундай USB-кабелдан фойдаланиладиган илк Android планшети бўлди.
Н1 планшетининг дисплейи тўлиқ ламинатланган, у 6,9 мм қалинлик ва 318 грамм оғирликка эга, ҳамда унда Home — асосий тугма бошқача ва Apple логотипи мавжуд эмас. Шу жиҳатлари билан у Apple iPad mini 3 планшетидан фарқ қилади дейиш мумкин.
Ушбу планшетда 2,4 ГГц частотага эга тўрт ядроли Atom Z3580 процессори, 2 Гб тезкор ва 32 Гб ички хотира, 5 мегапикселли олд ва 8 мегапикселли орқа камера, Android 5.0 Lollipop операцион тизими ўрнатилган.
Nokia N1 планшети кейинги йилнинг февраль ойидан Хитойда 249 доллардан сотила бошланади. Шундан сўнг эса Россия ва Европа давлатларида сотувга чиқарилиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)