Қозоғистон сўнгги саккиз йил ичида мамлакатларга жўнатган гуманитар ёрдам ҳажми бўйича Афғонистон ва Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи ўринни эгаллади. Бу ахборотни БМТ Тараққиёт дастурининг Қозоғистондаги доимий вакили Стивен Тулл 31 октябрь куни Остонада бўлиб ўтган «Қозоғистонда тараққиётга расмий ёрдам кўрсатиш миллий тизимини тузиш мақсадида эксперт кўмаги» лойиҳасини имзолаш маросимида маълум қилди, деб хабар бермоқда ТАСС.
БМТ вакилининг баёнотига кўра, Қозоғистон ҳозирга қадар 60 миллион доллардан кўп миқдорда гуманитар ёрдам етказиб берган. «Бундан ташқари, Қозоғистон қўшни мамлакатларга техник ёрдам кўрсатган», — деди Стивен Тулл.
Остонада имзоланган лойиҳа мамлакат ташқи сиёсий идорасининг тараққиётга расмий ёрдам кўрсатиш миллий тизимини шакллантириш бўйича фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.
«Иқтисодий ривожланиш ва мамлакатнинг халқаро мавқейи ўсиши билан бирга, Қозоғистон Республикасининг халқаро ва минтақавий барқарорлик ҳамда хавфсизликни таъминлаш бўйича масъулияти ҳам ошиб бормоқда», — деди Қозоғистон ТИВ раҳбари лойиҳани имзолаш маросимида.
Изоҳ (0)