Тошкентда «Ҳамкорбанк» ҳамда Голландия Тараққиёт банки (FMО) ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида имзоланган шартномаларнинг истиқболдаги моҳиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
«Ҳамкорбанк» Голландия Тараққиёт банки билан 2010 йилдан ҳамкорликни йўлга қўйган. Хусусан, 2012 йилнинг декабрида улар ўртасида 9 миллион АҚШ долларига тенг кредит шартномаси имзоланган. 2014 йилда яна 4 миллион доллар миқдорида кредит ажратилди. Натижада «Ҳамкорбанк» ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига йўналтирилган йигирмадан ортиқ лойиҳани молиялаштирди.
Голландия Тараққиёт банки кўрсатаётган техник ёрдам «Ҳамкорбанк»нинг ресурс базасини кенгайтириш билан бирга халқаро тажрибани жорий қилишда ҳам кўмаклашади.
«2010 йилда Халқаро молия корпорацияси «Ҳамкорбанк»нинг 15 фоизли акциясини харид қилди. Бу эса «Ҳамкорбанк»нинг хорижий капитал иштирокидаги банк мақомига эга бўлишини таъминлади», − деди банк департаменти директори Азиза Иброҳимова.
«РИА Новости»нинг хабар беришича, Голландия Тараққиёт банки ҳам 2014 йилда «Ҳамкорбанк»нинг 15 фоизли акциясини сотиб олиб, иккинчи хорижлик акциядорга айланган.
Изоҳ (0)