Индонезиянинг янги президенти Жоко Видодо бугун, 20 октябрь куни қасамёд қабул қилиб, расман ўз лавозимига киришди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Инаугурация маросими миллий парламент биносида бўлиб ўтган. «Биз тарихнинг мураккаб синовларига жавоб беришимиз лозим ва бунга биргаликда ишлаш, ўзаро ёрдам ва қаттиқ меҳнат эвазигагина эришишимиз мумкин», − деди Жакарта махсус пойтахт округининг собиқ губернатори Видодо.
2014 йил 9 июль куни бўлиб ўтган президентлик сайловида Видодога қарийб 71 миллион сайловчи (53,15 фоиз) овоз берди. Унинг рақиби ушбу натижани Конституциявий судга берди, суд эса ушбу эътирозни ножоиз деб топди.
Бироқ Индонезиянинг еттинчи президенти энг бошиданоқ кўплаб муаммоларга дуч келиши мумкин: унинг партияси бошчилигидаги коалиция мамлакат парламентида кўпчиликни ташкил этмайди.
Маълумот учун, аҳолиси сони бўйича Хитой, Ҳиндистон ва АҚШдан кейин жаҳонда тўртинчи ўринда турадиган Индонезия ялпи ички маҳсулоти ҳажми бўйича сайёранинг ўнинчи иқтисодиёти ҳисобланади.
Изоҳ (0)