«Ўзбекэнерго» давлат акциядорлик компаниясида энергетика корхоналарининг барқарор ишлаши, 2014 йилги ишлаб чиқариш фаолияти прогноз параметрларининг бажарилиши учун барча зарур чоралар кўрилмоқда. Бу ҳақда компания ахборот хизмати хабар берди.
Иқтисодий ўсишда меъёрий тезлик ва соҳанинг барқарор ишлашида юқори даражага эришиш мақсадида корхона ва ташкилотлар кесимида 2014 йилда ишлаб чиқариш маҳсулоти таннархини камайтириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқарилган. Тезкор маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида маҳсулот таннархининг пасайиши 100,9 фоизни ташкил этди.
2014 йилнинг тўққиз ойи ичида компания корхоналари томонидан ишлаб чиқариш фаолияти прогноз параметрларининг бажарилиши таъминланди. Товар маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми соҳа бўйича 100,4 фоизни ташкил қилди. Республика истеъмолчиларига 32,9 миллиард kVt/соат ҳажмида электр энергияси етказиб берилди, иссиқлик энергияси 5,7 миллион Гкал ҳажмда узатилди.
2014 йилнинг тўққиз ойи ичида маҳсулот ва хизматлар экспорти 100 фоиз бажарилди.
Қўшни давлатларга бевосита шартномалар бўйича электр энергияси етказиб берилди, тармоқларга хизмат кўрсатиш, лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, компания корхоналарида маҳаллий хомашё асосида маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқаришга доир топшириқ 106,7 фоиз бажарилди.
Изоҳ (0)