Айни пайтда Жиззах вилоятидаги 300 мингдан зиёд истеъмолчи сув ўлчагич билан таъминланган. Шу йилнинг август ойида ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, сув ўлчагичдан фойдаланиш нафақат таъминотчи, балки истеъмолчи учун ҳам катта иқтисодий самара келтиради. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Шаҳардаги Олмазор, Заргарлик, Маданият, Сайилжойи маҳаллаларида сув ўлчагич ўрнатилиши борасида муайян ишлар амалга оширилиб, беҳуда сув сарфининг олдини олиш, истеъмолчилар қарздорлигини камайтиришга эришилмоқда.
Аммо ҳалигача сув тармоғидан ўлчагичсиз фойдаланиб келаётган истеъмолчилар учраб турибди. Масалан, Кўтарма, Иттифоқ, Ёшлик маҳаллаларида сув исрофи ва истеъмолчиларнинг қарздорлиги ортиб бораётгани шундан далолат беради.
Тўловларнинг ўз вақтида тўланмаётгани тармоқ корхоналарида айрим муаммолар юзага келишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, «Сувоқова» ишлаб чиқариш корхонасининг хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиши, белгиланган қурилиш-таъмирлаш ишларининг сифатига ҳам таъсир кўрсатмоқда.
«Жорий йилнинг ўтган даврида ичимлик сув тармоқларини қуриш ва реконструкция қилишга давлат бюджетидан 10 миллиард 453 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди, — деди вилоят ‘Сувоқова’ ишлаб чиқариш корхонаси бошлиғининг ўринбосари Парда Шукуров. — Жиззах шаҳри ва чўл туманларини сув билан таъминлайдиган ‘Сангзор’, ‘Қўйтош’ узатиш тармоқлари ва ҳавзалари таъмирланиб, 50 га яқин қишлоқда 137 километрдан ортиқ сув тармоғи барпо этиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Бу борадаги ишларни янада яхшилашга йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширишга бюджетдан ташқари хорижий инвестициялар ҳам жалб этилмоқда».
Изоҳ (0)