«Ҳаж — 2014» мавсуми борган сари ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Ўзбекистон ҳожилари бу улуғ ибодатни адо этиб бўлиб, эндиликда ўз таассуротлари билан ўртоқлашмоқда. Бу ҳақда Ўзбекитон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг ахборот хизмати хабар бермоқда.
Шундай зиёратчилардан бири Фарғона вилоятида истиқомат қилувчи Мусожон Эралиев ўз таассуротларини қуйидагича баён этди: «Меҳмонхонамизнинг пештоқида Ўзбекистон байроғи хилпираб турибди. Бизларга ажратилган автобусларнинг барчасида ‘Ўзбекистон’ ёзуви ва байроғи бор, кўча-кўйда ҳам ўзбекистонликлар уларга тикилган махсус кийимларда юради. Автобуслар Ҳарами шарифга тун-у кун 24 соат мобайнида қатнайди. Бошқа давлатлар ҳожиларининг бориб-келишини кузатсам, гўёки автотранспортлар биз учун ажратилгандек. Албатта, улар ҳам маълум транспорт воситаларида бориб-келади. Лекин бизнинг автобуслар одамларимизни кўп ҳам мунтазир қилмасдан тезроқ юришга ҳаракат қилади.
Ҳарами шарифда одам кўп: бир сонияга эътиборингизни йўқотсангиз, ўз гуруҳингиздан ажралиб қолишингиз турган гап. Бундай вазиятга тушиб қолган пайтимда қаёққа боришим ва кимдан нимани сўрашимни билмай, Яратгандан илинж истагида у ёқ, бу ёққа анчагина юрдим. Шунда бирдан ватанимиз байроғи мавжуд махсус тикилган нимчалардаги уч-тўрт кишини кўрдим-у, қалбимда умид нишоналари уйғониб, кўзимга билинар-билинмас ёш келди. Юрагимдан мамлакатимиз байроғи нақадар чиройли ва мафтункор эканини ҳис қилдим, ичимда фахр туйғуси уйғонди. Мамлакатимизда юрганимда байроққа бунчалик даражада меҳрим борлигини сезмаган эканман ҳам. Энди эса уни кўзимга тўтиё қиламан. Бу каби ҳиссиётларни сўз билан ифодалаш осон эмас, албатта. Буни мен каби ҳолга тушганлар яхши англайди.
Хуллас, сафаримиз якунланиб, ватанимизга ошиққаним сари мен гўзал диёрим, маҳаллам, оиламни ва албатта байроғимизни нақадар қаттиқ севишимни англаб етмоқдаман. Менинг бу зиёратим ибодатга тўла бўлиши билан бир қаторда ватаним, Ўзбекистоним ва байроғим билан фахрланишимни менга билдирди. Ушбу сафарим менинг хотирамда бир умр қолади».
Изоҳ (0)