Тошкентда 10 октябрь куни Ўзбекистон Экологик ҳаракати ва Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳаларини мувофиқлаштирувчи офиси томонидан ташкил этилган «давра суҳбати» бўлиб ўтди. У Ўзбекистонда велотранспортдан фойдаланишни ривожлантиришга бағишланган, деб хабар бермоқда Uzbekistan Today ахборот агентлиги.
Парламент депутатлари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, нодавлат ва нотижорат ташкилотлар мутахассислари, экология ва тиббиёт соҳасида фаолият юритувчилар ўзларининг нутқларида велосипеднинг экологик хавфсиз транспорт воситаси сифатидаги аҳамияти тобора ортиб бораётганлигини таъкидлади. Унинг иқтисодий нуқтаи назардан афзаллиги унчалик қиммат бўлмаган, ёқилғи қуйишни талаб этмайдиган ва ихчам транспорт воситаси эканлигида яққол намоён бўлади. Буларнинг барчасидан фарқли ўлароқ, велосипедда ҳаракатланиш соғлиқни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Жорий йилнинг 14 сентябрида Ўзбекистон Экологик ҳаракати ва Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентдаги лойиҳаларини мувофиқлаштирувчи офис томонидан 200 киши иштирокида веломарафон ўтказилган эди. Мазкур экологик акция велотранспортни оммалаштириш мақсадида икки йилдан буён ўтказиб келинмоқда.
«Давра суҳбати»да велотранспорт инфратузилмасини ривожлантириш, хусусан, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, велосипедларни ижарага бериш, шаҳарда велосипед йўлакларини ташкил этиш ва уларни шаҳар инфратузилмасини лойиҳалаштираётганда ҳисобга олиш вазифалари муҳокама қилинди.
Тадбир иштирокчилари томонидан берилган таклифлар асосида Ўзбекистонда велотранспортни оммалаштириш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқилди.
Изоҳ (0)