Олий лиганинг 28 август куни ўтказилган 18-тур учрашувлари доирасидаги «Локомотив» — «Бунёдкор» учрашувидан кейин «Локомотив» футбол клуби ўйиндаги ҳакамлик савиясидан норози бўлиб, эътирознома ёзди. Мазкур эътироз асосида Ўзбекистон Футбол Федерациясининг Ҳакамлар ва назоратчилар қўмитаси навбатдан ташқари мажлис чақирди, деб хабар бермоқда Uff.uz.
Қўмитанинг кун тартибидан ФИФА рефериси Валентин Коваленко, унинг ёрдамчилари Маъмур Саидқосимов ва Хусниддин Шодмонов бошқарган 18-турнинг марказий учрашувидан тушган эътирозномани кўриб чиқиш масаласи ўрин олди.
«Локомотив» футбол клуби «Бунёдкор»га қарши ўйиндаги ҳакамликнинг 12 вазиятидан норози бўлди.
Ўзбекистон Футбол Федерацияси Ҳакамлар ва инспекторлар қўмитасининг 3 сентябрдаги мажлиси баённомасида келтирилишича, эътироз юзасидан қўмита таркибидаги экспертлар комиссияси учрашув ёзилган видеотасмаларнинг барчасини кўриб чиққан ҳолда учрашувдаги ҳакамлар бригадасининг қарорлари ўйин натижасига таъсир қилмаган, деган хулосага келди.
Комиссия хулосаси ҳақидаги баённомадан кўчирма: «Умумий олганда ҳакамлар бригадаси учрашувни яхши бошқарди, аммо бир қатор хатоларга йўл қўйди. Улардан бири қўпол хато бўлиб, учрашувнинг 59-дақиқасига тўғри келади. Ана шу вазиятда ‘Локомотив’ футболчиси тўпни қўли билан ўйнаганлиги учун (‘Бунёдкор’ фойдасига) ‘Локомотив’ дарвозаси томон пеналти белгиланмайди. Шунингдек, 8-, 46- ва 81-дақиқаларда ҳам майда хатоларга йўл қўйилган. Қилинган хатолар ўйин натижасига таъсир қилмаган».
8-дақиқадаги хато, комиссия баённомасига кўра, «Бунёдкор» фойдасига бўлиб, бу вазиятда, «Локомотив» футболчиси икки оёқ билан рақиб футболчисига ташланади, лекин ҳакам ўйин қоидаси бузилмаган, деб ҳисоблайди.
Комиссия экспертларининг фикрича, 46-дақиқада ҳам бош ҳакам ноҳақ бўлган. Ушбу вазиятда тўп учун ҳавода бўлган курашда футболчилар тўқнашуви юзага келади. Бироқ ҳакам ўйинни тўхтатмайди, ваҳоланки, хуштак чалиниши ва «баҳсли тўп» ўйинга киритилиши керак эди.
81-дақиқада ҳакам яна бир фолни эътиборсиз қолдиради. Ушбу вазиятда «Локомотив»нинг 77-рақамли футболчиси Жасур Ҳасанов белидан итариб юборилади, бироқ ўйин тўхтатилмайди.
Демак, 12 вазиятдан учтасида ҳакам ҳақиқатан ҳам хатоликка йўл қўйган, лекин бу ўйин натижасига таъсир қилмаган. Эътироздаги қолган тўққизта вазиятда эса ҳакам ҳақ.
«Локомотив» — «Бунёдкор» учрашуви ҳакамлар бригадасига қўлланилган чора:
Ҳакамлар ва инспекторлар қўмитаси таркибидаги экспертлар комиссияси «Локомотив» эътирозидаги вазиятларни кўриб чиқиб, якуний хулосани қўмита аъзоларига тақдим этди. Қўмита йиғилишида Ўзбекистон Футбол Федерацияси Ҳакамлар ва инспекторлар бошқармаси бошлиғи Ноил Лутфуллин мазкур комиссия хулосасига илова қилиб, Валентин Коваленконинг ҳакамлик ишига назоратчи Ғайрат Каримов баҳони 1,9 баллга кўтариб қўйганлигини айтди. Коваленконинг баҳоси аслида 6,9 балл бўлиб, Ғайрат Каримов 8,5 балл қўйган.
Қўмита аъзолари «Ҳакамларнинг тартиб-интизом кодекси»нинг 2.3 бўлими, 1-бандига асосланиб, «Локомотив» — «Бунёдкор» учрашуви бош ҳаками Валентин Коваленкога хайфсан эълон қилди ва ушбу ўйиндаги хизмат ҳаққини 25 фоизга камайтириш ҳақида қарор қабул қилди.
«Назоратчиларнинг тартиб-интизом кодекси»га асосан, «Локомотив» — «Бунёдкор» назоратчиси Ғайрат Каримов бош ҳакам Валентин Коваленкога баҳони кўтариб қўйганлиги учун унинг ҳам ўйиндаги хизмат ҳақи 25 фоизга камайтирилди ва кейинги тўрт тур ўйинларидан четлатилди.
«Локомотив» клуби сайтининг нотўғри маълумоти:
5 сентябрь куни Ўзбекистондаги барча футбол сайтларида «Ўзбекистон XXIII миллий чемпионати 18-тур ўйинлари доирасидаги ‘Локомотив’ — ‘Бунёдкор’ (1:2) ўйинида ҳакамлик қилган Валентин Коваленко тўртта ўйинга дисквалификация қилинди», деган ёлғон хабар пайдо бўлди.
Хабарлар шу хатбоши билан бошланади ва манба сифатида барча нашрлар «Локомотив» футбол клуби сайтини кўрсатади. Ҳақиқатан ҳам «Локомотив» ёлғон хабар тарқатади. Сайтда уч кун турган хабарга асосан, Валентин Коваленко тўртта турга четлатилган бўлиб, унга жарима солинган. Бундай эмаслиги эса юқорида айтиб ўтилди.
Клуб футбол жамоатчилигига ёлғон хабар тарқатишда нима мақсадни кўзлаганлиги номаълум. Профессионал Футбол Лигаси раҳбарияти тез орада бу ишни кўриб чиқишни якунлайди ва «Локомотив» клубига жазо белгилайди. Бу ҳақдаги ахборот ПФЛ сайтида эълон қилинади.
Изоҳ (0)