Тошкент Фотосуратлар уйида «Дилрабо Сяминь» деб номланган фотокўргазма намойиши бошланди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Хитойнинг Сяминь шаҳри маъмурияти томонидан ташкил этилган ушбу кўргазманинг очилишига турли вазирлик ва идоралар, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган халқаро ташкилотлар вакиллари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, ижодкорлар, талабалар таклиф этилди.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси ўринбосари Ж.Миртожиев ва бошқалар ўзбек ва хитой халқлари ўртасидаги дўстона муносабатлар кўп йиллик тарихга эга эканини таъкидлади.
«Ўзбекистон — мафтункор диёр, — деди Хитойнинг Сяминь шаҳридаги адабиёт ва бадиий тўгараклар федерациясининг ижрочи вице-президенти Лин Чи. — Мамлакатингиз бой тарих, маданият ва санъатга эга эканига 2013 йил куз фаслида Сяминь шаҳрида юртингиз фото ва мўйқалам усталари ижодига мансуб ‘Мафтункор Ўзбекистон’ номли кўргазмада ишонч ҳосил қилганман. Юртингизга келиб таассуротларим тасаввуримдан бир неча марта ортиқ эканига гувоҳ бўлдим. Мазкур кўргазма халқларимиз ўртасидаги ўзаро дўстлик бардавомлигининг яна бир амалий ифодасидир».
Сяминь — Хитойнинг Фуцзянь провинциясидаги бой тарихий ва маданий меросга эга бўлган шаҳар. Бугунги кунда Сяминь экобоғлари, ландшафт дизайнли кўм-кўк майдонлари билан ҳам машҳур. Кўргазмада шаҳар табиати, меъморий обидалари, унда истиқомат қилаётган одамларнинг турмуш тарзи, анъана ва урф-одатлари акс эттирилган фотоасарлар намойиш этилмоқда.
Изоҳ (0)