Россия банки Хитой Халқ банки билан миллий валюталарда товар айирбошлаш лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳозирда битимнинг расмий жиҳатлари кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда «Российская Газета» хабар берди.
Битим Россия компанияларига хитойлик ҳамкорлари билан иш олиб боришда юандан чегараланмаган миқдорда фойдаланиш имконини берса, хитойликлар тўғридан-тўғри рубль билан ҳисоблашади. Бу товар айирбошлаш ҳажмининг ўсишига билвосита таъсир кўрсатади.
Валюталарда амалга ошириладиган айирбошлаш ҳажми ва операциялар бошланиш муддати унга бўлган талабга боғлиқ бўлиб, ҳозирча Россия Марказий банки бу ҳақда маълумот бермаяпти.
Нашрда битимнинг халқаро молиявий барқарорликни таъминлаш омили ҳамда инқирозли вазиятларда пул ликвидлигини жалб этиш имкониятига айланиши қайд этилди.
Россия Ҳудудий банклар ассоциацияси президенти ўринбосари Олег Ивановнинг айтишича, мазкур келишувга эришиш ва уни тайёрлаш бир неча ой давом этган. Бу битим ташқи савдо операцияларини амалга оширишда миллий валюталар билан ҳисоб-китоб қилишни рағбатлантиради.
«Миллий валюталар эмитентлари (қимматли қоғоз ёки қоғоз пул чиқариш ҳуқуқига эга банк) бўлган икки давлатнинг марказий банклари рублни юанга ва аксинча айирбошлаш борасида битим тузишга тайёр» — дейди банк ходими.
Маълумот учун, ҳозирда Россия ва Хитой ўртасидаги савдо операцияларининг 75 фоизи АҚШ долларида амалга оширилиши АҚШга даромад манбаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Изоҳ (0)