Шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича жаҳон чемпионлари – Исломбек ва Жавоҳир Синдоровларга Президент совғаси топширилди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Пойтахтдаги «Олимпия шон-шуҳрати» музейида бўлиб ўтган тадбирда Исломбек ва Жавоҳир Синдоровлар Президент Ислом Каримов томонидан энг сўнгги русумдаги замонавий компьютерлар билан тақдирланди. Уларнинг ота-онасига замонавий LCD телевизори берилди. Президент совғаларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов топширди.
– Шахмат бўйича жаҳон чемпиони Рустам Қосимжоновга ҳавас қиламиз, – дейди Жавоҳир Синдоров. – Президентимизнинг совғаси бизни янада юксак марралар сари руҳлантиради, катта куч бағишлайди.
Эслатиб ўтамиз, Грециянинг Кавала шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида ёш шахматчилар Исломбек ва Жавоҳир Синдоровлар иккитадан олтин медални қўлга киритган еди.
Маълумот ўрнида: Жавоҳир тўрт ярим ёшидан шахмат билан мунтазам шуғулланади. У шахматчи сифатида халқаро майдондаги дастлабки ғалабасига 2012 йили Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида эришди. 7 ёшгача бўлган ўғил болалар мусобақасида блиц турнирда олтин, классик шахмат бўйича кумуш медалга сазовор бўлди. 2013 йили Эронда шахмат бўйича 18 ёшгача ўғил-қизлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида кумуш медални қўлга киритди. Унинг укаси Исломбек эса болалигидан ўзининг алоҳида салоҳиятини кўрсата олди. У 2012 йили Ҳиндистонда бўлиб ўтган қитъа биринчилигида 5 ёшгача шахматчилар ўртасида кумуш медални қўлга киритди. Исломбекнинг ҳужумкор ўйин тактикаси 2012 йили Эрондаги Осиё чемпионатида бирйўла учта олтин медални қўлга киритишида муҳим аҳамият касб этди.
Изоҳ (0)