Белград шаҳрида Шавкат Мирзиёев ва Сербия президенти Александр Вучич ўртасидаги музокаралар якунида икки давлат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация имзоланди.
Давлат раҳбарлари ҳузурида меҳнат мобиллиги ва миграция, автомобиль ва темир йўл транспорти, ҳудудлараро ҳамкорлик, қишлоқ ва сув хўжалиги, божхона, қайта тикланувчи энергетика, фармацевтика ва биотехнологиялар, туризм ва маданият, рақамлаштириш ҳамда электрон ҳукумат каби йўналишларда ҳамкорликка оид ҳужжатлар алмашилди.
Шунингдек, эркин савдо тўғрисидаги битим бўйича музокараларни бошлаш учун ишчи гуруҳ тузиш, Ўрта йўлакни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий дипломатия соҳаларида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди.
Бундан ташқари, кинематография ва қўшма фильмлар ишлаб чиқариш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳимоя қилиш ҳамда 2026–2028 йилларда маданият соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича ҳужжатлар имзоланди. Самарқанд вилояти ва Воеводина автоном ўлкаси ўртасида ҳам шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида келишув тузилди.








